Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга қарши Бош прокуратура чора кўради

Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга қарши Бош прокуратура чора кўради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги Фармонига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 2019 йил 1 майга қадар умумдавлат акцияси ташкил этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг уй-жойга доир ҳуқуқларининг амалга оширилиши ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашишдан иборат.

Ушбу акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида Давлат хизматлари марказларига 932 748 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 574 213 таси қаноатлантирилган.

Шунингдек, турар жойи аҳоли пунктларининг бош режалари лойиҳаларига тўғри келмаганлиги, шаҳарсозлик нормаларига риоя этилмаган ҳолда қурилганлиги, улар табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашганлиги ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлиги сабабли 179 824 таси рад этилган.

Қолган 178 711 та мурожаатни кўриб чиқиш давом этмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини инобатга олиб, бундай тоифадаги ерларни талон-тарож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2019 йил 4 мартда тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритилди.

Соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, яратилаётган қулай шарт-шароитларга, шунингдек ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга доир жавобгарлик кучайтирилганлигига қарамасдан ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бормоқда.

Масалан, Бош прокуратура томонидан Тошкент вилоятида ердан фойдаланишга оид қонунлар ижроси ўрганилганда, 2019 йилнинг декабрь ойида 9 169 та ҳолатда 1 203 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, 3 753 та ҳолатда 364 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш қилинганлиги аниқланди.

Бундай салбий ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Бош прокуратура томонидан соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чоралари кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг