ДХХ Тошкент вилоятида бир қатор шахсларни ушлади
Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи фуқаро акасининг боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига тегишли 5 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога 1 млн. АҚШ долларига сотмоқчи бўлади.
Бунинг учун у аввал мазкур ер майдонини фермер хўжалиги ихтиёридан чиқариб, туман ҳокимияти захирасига қайтаришни, сўнгра эса ҳокимиятдаги танишлари орқали харидор фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни режалаштиради.
ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгар шахс сўралган пулдан 100 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
***
Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Новобод» МФЙ ҳудудидан 5 гектар ер майдонини 300 минг АҚШ долларига сотишларини айтишади ва фирибгарлик йўли билан ундан сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, улар 2019 йил Бўстонлиқ тумани ҳокими қарори билан маҳаллий МЧЖлардан бирига дам олиш маскани қуриш мақсадида ажратиб берилган мазкур ер майдонини сотиш ҳуқуқи мавжуд эмаслигини билганлари ҳолда ноқонуний ишга қўл уришган.
***
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўзи раҳбарлик қилаётган ғалла ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг қарийб 24,5 гектар суғориладиган ер майдонини 100 минг АҚШ долларига сотишини айтиб, харидордан олдиндан тўлов сифатида 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ, Бош прокуратура ва Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter