Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ «ерфуруш»ларни ушлади (видео)

ДХХ «ерфуруш»ларни ушлади (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ҳудудларда ноқонуний ер сотиш ҳолатларига қарши тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Андижон вилояти туманларидан бирининг Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи маҳаллий фермер хўжалигига қарашли мевали боғдан иборат 1 гектар ер майдонидан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келган.

У мазкур ер майдонини тасарруф этиш ва учинчи шахсга ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмасада, 45 минг АҚШ долларига сотиб, ноқонуний даромад орттиришни режалаштирган.

Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур мансабдор шахс харидордан сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ ва Департаментининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, хусусий тадбиркор Қибрай туманининг «Тузель» мавзесида жойлашган 2 гектар ерни харидорга 1 млн. АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 10 минг долларини олган вақтида ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур шахс мунтазам равишда ноқонуний ер сотиш билан шуғулланиб келганлиги ва ундан кўпчилик жабр кўрганлиги маълум бўлди.

Навоий шаҳрида жойлашган «Навоий савдо» АЖ раҳбари мазкур жамиятга тегишли 1 гектар ер майдонини акциядорларни хабардор қилмасдан, ноқонуний тарзда 29.700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлади.

У сўралган пулдан 50 млн. сўм ҳамда 1.500 АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва Департаментнинг Навоий шаҳар бўлими ходимлари томонидан ушланди.

Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институтининг Андижон вилоят филиали ходими шоликорлик билан шуғулланиш учун Қўрғонтепа тумани хокимлиги захирасидан 8 гектар ерни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ажратиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 10 минг 400 АҚШ доллари талаб қилади.

У сўралган пулдан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ҳамда Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ноқонуний ҳолатларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг