Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Чўнтак адвокатлари»га Олий судда ҳам эҳтиёж борми?

«Чўнтак адвокатлари»га Олий судда ҳам эҳтиёж борми?

Фото: «Xabar.uz»

«Чўнтак адвокатлари»: сирлар фош бўлмоқда, қиёфалар очилмоқда...» сарлавҳали мақолани  ўқиб, хурсанд бўлганим рост. Чунки, оғриқли муаммо ҳақида бошқалар эмас, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, хусусан, унинг расмий нашрида бонг урилди. Демак, палата айни муаммога барҳам бериш чораларини кўриши аниқ. Кўрилажак чоралар «чўнтак адвокатлари» фаолиятига жиддий таъсир қиладими? Аввалдан башорат қилиш қийин. Аммо биз дуч келган мисолдан келиб чиқилса, жиддий ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли камдай.

Ҳали бир йил бўлгани йўқ: ўтган йилнинг кузагида мен жамоатчи ҳимоячиси бўлган Н.Ганиевга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди. Ишонасизми, судда на судланувчи, на унинг бир эмас, икки нафар адвокати иштирок этди. Уларнинг бу суддан хабари бўлмади ҳатто!

Ими-жимида ўтказилган процессда судланувчининг ҳимоячиси сифатида Тошкентдаги «Himoya manbai» адвокатлар ҳайъати адвокати Б.М. иштирок этгани зикр этилган суд ҳужжатида. Қизиғики, судланувчи бу адвокатни танимайди, билмайди, умрида кўрмаган! Бу адвокатнинг хизмати давлат ҳисобидан қопланибди. Судланувчининг бир эмас, иккита адвокати, камига яна бир нафар жамоатчи ҳимоячиси бор. Шунга қарамай суд гўёки «меҳрибонлик» кўрсатиб, хизмати давлат ҳисобидан қопланадиган адвокат топиб берганининг қуввати нимага бориб тақалади?

Бу энди жиддий савол.

Хуллас, биз бундан норози бўлиб, Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига мурожаат этдик. Бошқарма мурожаатимиз юзасидан хизмат текшируви ўтказди ва... адвокат касб этикаси, сири ва қасамёдини бузадиган бирорта ҳолатни аниқлашмади. Бизга шундай жавоб берди, ҳартугул. Кулгили хулоса, кулгили жавоб.

Қачонки биз Молия вазирлиги ва бошқа органларга мурожаат қилишимиз натижасида Олий суд ўз ажримини Раёсат қарори билан бекор қилишга мажбур бўлгач (ажрим судланувчининг ҳимоя ҳуқуқи бузилган деган асос билан бекор қилинди!), Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси малака ҳайъати адвокат Б. М.нинг «ишини» кун тартибига қўйишдан бошқа чораси қолмади.

Ўша «машварат»да биз ҳам иштирок этдик.

Малака ҳайъати аъзоларини тушуниш мумкин: ҳамкасбни муҳокама этиб, чора кўриш осонмас. Андиша деган гап бор, одамнинг юзи иссиқ, ахир?! Бироқ суд ёки тергов жараёнида содир этилган қонунбузарликларни «ёпиб», ҳимоясиз мазлумларнинг ҳимоя ҳуқуқи гўёки таъминлангандек қилиб кўрсатиб, бундай сохтакорлик учун яна денг давлатдан пул олиб юрган адвокатларнинг айбини хаспўшлашга уринишни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Малака ҳайъати аъзолари қилар ишни қилиб қўйган адвокат қолиб, кўпроқ бизга «ташланишса» денг. Аввалига барча айбни Олий судга тўнкашди, адвокат судга қарши боролмас эмиш — суд уни ишга жалб қилса, у қатнашишга мажбур, шу боис барча эътирозларимизни уларга (судга) айтишимиз керак экан...  Яна Б. М.ни «чўнтак адвокати» дейшимиз ҳақорат бўлиб, бунинг учун бизга чора кўрилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилишди.

Ажаб, «чўнтак адвокати» дейилиши ҳақорат экан-у бироқ инсон тақдири ҳал бўлаётган судда ўша инсонни кўрмай, гаплашмай, эътирозларини эшитмай, судда тирик ҳайкал бўлиб туриши фазилат бўлдими?

Хуллас, адвокат Б.М. энг енгил чора — «огоҳлантириш» олди.

Судьяларга шу чораям йўқ бўлса керак.

Фикримча, бундай «лўлича муолажа» билан «чўнтак адвокатлари» фаолиятига чек қўйиб бўлмайди. Чора қаттиқроқ бўлиши керак: чунки, бундай адвокатлар инсон ҳуқуқлари поймол этилишига амалда кўмаклашади, холос.

Ш.Ботиров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг