Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода қурилиш: «кийдирмоқчи» бўлишганди — ким «кесилди», ким «куйди»

Бухорода қурилиш: «кийдирмоқчи» бўлишганди — ким «кесилди», ким «куйди»

Фото: Xabar.uz

  • 300 дан ортиқ фуқаролардан йирик миқдорда пул ундирган қурувчи ва унинг шериклари фош этилди.
  • 8-қаватни ўзбошимча қурган қурувчи ўз айби билан «куйиб» қолди.
  • «Уй-жой қуриб бераман, деб 652.960.000 сўм маблағимни туя қилиб кетди»
  • «Салкам 149 миллион сўм пулимни олиб, бошига сув қуйди»
  • «Қурувчи ташкилот раҳбари ва унинг ҳамтовоқлари қонун олдида жавоб бериши керак!»

Фуқаролар билан учрашувда 300 нафардан ортиқ жабрланувчилар «Buxoro eco story plyus servis» МЧЖ раҳбари ва унинг жиноий шерикларини қонун олдида жавоб беришга чақириб, мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши талаби билан чиқишди.

«Ҳолат юзасидан иш қўзғатилди ва уй-жой билан таъминлаш важи билан 300 нафардан ортиқ фуқаролардан фирибгарлик ва алдов йўли билан йирик миқдордаги пулларни ўз эҳтижлари йўлида сарфлаб келган «қурувчи» ва шерикларининг кирдикорлари фош этилди», – деди Бухоро вилоят суди матбуот хизмати раҳбари Нурбек Раҳимов.

Бухоро вилоят прокуратураси томонидан берилган маълумотга кўра, турар-жой биноларини қуриб, фойдаланишга  топшириш жараёнида фуқароларни алдаб, ишончини суистеъмол қилган ҳолда, уларга тегишли хонадонларни расмийлаштириб бермасдан келган қурувчи ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан 13 та жиноят ишлар қўзғатилган.

Ушбу жиноят иши Ички ишлар органлари терговидан бевосита вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими иш юритувига олинган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида жиноят содир этилиши оқибатида фуқароларга етказилган  3 миллиард 184 миллион сўмлик зарарнинг ундирилиши ҳамда бошпанасиз қолган 62 нафар фуқароларга ўзаро келишув асосида уй-жойларини олиб берилиши таъминланган ва бузилган ҳуқуқлари тикланган.

«Хусусан, «Buxoro eco story plyus servis» МЧЖ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғ.П. ва унинг ҳамтовоқлари бўлган Ф.Ю., Н.Т. исм-шарифли аёллар фуқароларни алдаб, ўзлари қурган кўп қаватли уйдан квартира беришни ваъда қилишган. 300 нафардан ортиқ фуқароларнинг йирик миқдордаги, яъни 3 миллиард 184 миллион сўм пулларини олишиб, ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборишган. Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ички ишлар вазирлиги тергов департаменти томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноятни содир қилган ташкилот раҳбари ва унинг икки нафар жиноий шериги қамоққа олинганди», – дейди Нурбек Раҳимов.

Маълум бўлишича, йирик миқдордаги ўзлаштирув билан боғлиқ жиноят иши 6 ой давомида судда кўриб чиқилган.

Айбдор Ғ.П. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Ушбу моддалар билан у 9 йил муддатга «кесилган» ва иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини олган. Бундан ташқари, Ғ.П. жиноят кодексининг 59- (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61- (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)моддаларига асосан ҳам узил-кесил 9  йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тайинланган.

Ф.Ю. ҳам ўз ҳатти-ҳаракатидан келиб чиқиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Н.Т. эса 4 йилга «кесилган».

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан айбдорларга нисбатан ҳукм ўқилган. Жабрланувчиларга етказилган зарарлар қопланиши белгиланди.

«Жабрланувчилар ва бошқа манфаатдор томонларга етказилган барча моддий ва маънавий зарарлар, шунингдек, аксарият жабрланувчилар томонидан зарарларни инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда ундириш масаласи кўриб чиқилди. Суд ҳужжатига тегишли асосларни илова қилган ҳолда жабрланувчиларгаетказилган зарарлар тўлиқ қопланилиши белгиланди. Ҳукм қонуний кучга киргач, батафсил ҳолат юзасидан маълумотларни етказамиз. Муҳими, Бухоро аҳолисини алдаб, фирибгарлик йўли билан улардан йирик миқдорда пул ундирган ва ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди», – дейди суд матбуот котиби.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, кейинги пайтларда кўпсонли аҳолини «чув» туширишга уринган бундай қурилиш ташкилотларининг кирдикорлари фош этилмоқда.

Яна бир ҳолатда маълум бўлишича, Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирини қуриб, уни ўз вақтида эгаларига топшира олмаган қурувчига нисбатан ҳам жиноят иши очилган.

Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра, «Sk lider» МЧЖ раҳбари  Н.С. фуқаро Н.М. ўртасида 2020 йил 12 сентябрь куни тузилган шартнома шартларига кўра,  у кўп қаватли уйни 2021 йилнинг 30 май кунига қадар қуриб, топшириши керак бўлган.

«Афсуски, «Sk lider» раҳбари Н.С. ушбу шартни амалга ошириш мажбуриятини олган бўлишига қарамасдан, у фуқаро Н.М. нинг жами 294.000.000 сўм пулларини қўлга киритиб, ҳозирги кунга қадар мазкур хонадонни қуриб, топширмаган», – дейди Шуҳрат Жалолов.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида қад ростлаган ва ҳали ўзбошимча уй-жойлар қурилиши тугалланмай туриб, аҳоли норозилигига сабаб бўлгани боис, «снос»га кетгани анча шов-шувларга сабаб бўлганди.

«Бухоро шаҳрида бир қатор қурилиш фирмалари тасдиқланган концепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли Қурилиш Бош бошқармаси ва ҳудудий инспекция томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний чора кўриши учун хабардор қилинган. Вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилаётган навбатдаги ўрганишлар давомида кўп қаватли уй-жойларнинг ноқонуний қурилаётган қурилмаларини бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Мақсадимиз – бино-иншоотларни шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ жойлаштириш, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш», – дейди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Мўмин Амонов.

Худди шундай «ўзбошимча»лардан бири, «Elite House» МЧЖ раҳбари Шоҳрух Аслонов ҳам бундай қурилишларга бош бўлганидан пушаймон эканини билдирган.

«Бухоро шаҳри, Ҳамза кўчасида ренновация дастури асосида лойиҳаси 7 қаватли қилиб тасдиқланган, 3 подъездли, 76 хонадонли кўп қаватли уйни қурдик. Бироқ лойиҳани бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлигимиз сабабли юқори турувчи органлар томонидан огоҳлантирилдик. Албатта, қилган ишимиздан пушаймонмиз. 8-қаватдаги қурилишни бартараф этамиз. Бошқа қурилиш компаниялари раҳбарларидан биз каби ноқонуний қурилмаларни қурмасликларини сўрайман», – дейди Шоҳрух Аслонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг