Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болалар пули карантин вақтида танаффуссиз давом эттирилса қандай тартибда тўланади?

Болалар пули карантин вақтида танаффуссиз давом эттирилса қандай тартибда тўланади?

Фото:«Xabar.uz»

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева карантин даврида аҳолида туғилаётган айрим саволларга жавоб бериб ўтди. 

- Оилада 5 киши яшаймиз. Отам I гуруҳ ногирони. Ҳеч ким ишламайди. Маҳалладан кам таъминланганлик нафақа олсак бўладими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм) нинг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Ҳозирги даврда бу 358 минг сўмни ташкил этади.

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

- меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
- мулкий даромадлар;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
- чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
- пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар;
- шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар.
Шунга кўра, нафақа олиш учун яшаш жойингиздаги маҳаллага мурожаат қилишингиз лозим.
Маҳаллада ташкил этилган комиссия томонидан ариза берувчининг мурожаати барча мезонларга асосан ўрганиб чиқилиб, тегишли далолатнома тузилади.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки уни тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (Комиссия) томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

- Карантин бошланишидан олдинроқ фарзандли бўлгандик. Аммо бизнинг қишлоқ туман марказидан узоқдалиги сабабли суюнчи пулига қандай қилиб масофадан ариза топширамиз?

Жавоб: Бола туғилганда бериладиган нафақа (суюнчи) бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади. Бола туғилганда бериладиган нафақага ҳуқуқингиз карантин даврида пайдо бўлган бўлса, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида ушбу нафақани олиш учун ўрнатилган тартибда мурожаат этишингиз мумкин.

- Боғчада тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишлайман. (менинг вазифам болаларни овқатлантиришга олиб бориш ва хоналарни озода сақлаш) Карантиндан олдин таътилга чиқдим. Меҳнат таътилим тугади аммо карантин ҳалигача давом этмоқда. Иш берувчи томонидан менга иш ҳақи сақланмаган меҳнат таътилига чиқишни сўрамоқда. Шу мумкинми?

Жавоб: Бундай ҳолатда Сиз иш берувчи билан келишган ҳолда масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтишингиз ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олишингиз мумкин.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам Сиз ва иш берувчи ўртасида ўзаро розилик бўлиши лозим.

-14 ёшгача болалар пули карантин вақтида танаффуссиз давом эттирилса, 6 ойгача бериладими ёки карантин тугагунчами?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги Фармонига асосан, жорий йилнинг март — июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилади, яъни кейинги 6 ой муддатга узайтириб қўйилади, агар бу давр ичида бола 14 ёшга тўлса, нафақа тўхтатилади.



Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг