БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашининг маърузачиси: Ўзбекистонда оқлов ҳукмлари сони ортган

25 cентябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича амалий ташриф билан бўлиб турган махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан Халқаро пресс-клубда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Диего Гарсия-Саян Судялар Олий Кенгашининг ташкил этилишини Ўзбекистондаги энг долзарб ва эсда қоларли воқеа бўлганини айтиб ўтди.
Унинг айтишича, жиноят процессида оқлов ҳукмлари сонининг ортиши судьяларнинг прокурор қарорини эътирозсиз маъқуллаш билан чекланган тизимдан узоқлашаётганидан далолат беради. 2016 йили бор-йўғи олтита оқлов ҳукмлари қайд этилган. Бу рақам 2017 йилда 263 тани, 2018 йилда эса 867 тани ташкил қилди. 2019 йилнинг тўққиз ойида 500 дан ортиқ киши оқланган.

— Ютуқлар кўп, аммо бу камчиликлардан холи дегани эмас, — дейди Диего Гарсия-Саян. — Сизда ҳануз кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Менинг мамлакатим пойтахтида (Перу, Лима) 7000 та адвокат бор. Ўзбекистонда эса жами 4000 та адвокат бор. Сизда адвокат ва судяларни тайёрлайдиган атиги битта университет бор экан. Менимча, бу адвокат ва судяларга бўлган талабни қондира олмайди. Масалан, Чилида аҳолига хусусий юридик компаниялар томонидан бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, пулни эса давлат тўлаб беради. Биз ҳибсда сақловчи муассасаларга ташриф буюрганимизда, адвокатлар учун барча шароитлар яратилганини кўрдик. Шунга қарамай, айбланувчилар ҳибсга олинган вақтидан кечикмай адвокат ёллашига эътибор қаратилса маъқул бўларди.
Жаноб Гарсия судларнининг мустақиллигини ошириш борасида ҳам бир қанча тавсияларини бериб ўтди. Жумладан, у адвокатлик компанияларини кўпайтириш ва юридик йўналишидаги янги олий таълим муассасаларини очишни таклиф қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter