«Бир зарбда» 30 миллион сўм!
Фарзандига алимент тўловини ўз вақтида ёки аввалдан тўлаб қўяётгани ҳақида ёзишдан маъноям, мантиқ ҳам йўқ, аслида. Чунки, фавқулодда иш қилингани йўқ, бор-йўғи, ота фарзанди олдидаги мажбурятини бажаряпти, холос. Устига устак, ўша мажбуриятни отанинг зиммасига суд юклаб қўйган, илло ихтиёрий, суд-у ижрочиларни овора қилмай адо этаётгани йўқ.
Шулар ҳақида ўйлар экансан, Мажбурий ижро бюросининг алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари ҳақида, тўрт энлик бўлсин, бирор хабар ёзмоққа қўл бормайди баъзан. Бироқ, суд қарорига чиққанига қарамай ўз пуштидан бўлган фарзанднинг таъминотидан бўйин товлаётган айримлар эркакларнинг, керак бўлса, суробини тортиб, алимент ундириш осонмас барибир. Алиментчи отани қидириб, топиб, мажбуриятини эслатиб, керакли тушунтириш ишлари олиб бориш учун темирдан асаб керакдай. Шундаям уққан тўловни амалга оширади, уқмаган эса юраверади. Натижада ундайларга нисбатан бошқача ҳуқуқий таъсир чорасини қўллашга мажбур бўлинадики, шунинг ўзиям ғавғо келтириб чиқариши мумкин: нима-нима, фалончини МИБ ходимлари 15 суткага «олиб кириб» қўйибди?! Фарзанди олдидаги мажбуриятини бажармаганга нисбатан охирги чора шу эканини баъзилар тушунса, қани?!
Когонлик М.Ходиев собиқ рафиқаси фойдасига вояга етмаган фарзанди учун тўрт йилдан буён алимент тўлаб келаётган эди. Ҳар ойда бир ташвиш: тўловни вақтида амалга ошириш керак. М.Ходиев билан МИБнинг Когон шаҳри бўлими ходимлари суҳбатлашиб, айтишдики, ҳар ой овора бўлгунча (имкониятингиз бўлса), бир неча йиллик тўловни биттада амалга ошириб қўйинг, ортиқча ғурбат ҳеч кимга керакмас...
М.Ходиев имкониятини чамалаб, сўнг «бир зарбда» тўрт йиллик алимент пулларини олдиндан тўлаб қўйди: жами — 30.018.507 сўм!
Бу бошқа гап. Мана, тўрт йил қулоғинг тинч энди. Сенинггина эмас, МИБчиларнинг ҳам...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter