Бекатда нотаниш аёлни урган эркакнинг иши судга оширилди
11 сентябрь куни Учтепа туманидаги жамоат транспорти бекатида 32 ёшли Евгения К.га сабабсиз тан шикастлари етказган сирдарёлик, муқаддам судланган 45 ёшли Тохир В.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов якунланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
Мазкур факт бўйича аввалроқ Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми («Безорилик») бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.
Аммо дастлабки тергов давомида барча тафсилотлар ўрганилиб, жабрланувчи, гувоҳлар ва айбланувчининг кўрсатмалари инобатга олингач, айбланувчининг ҳатти-ҳаракатлари қайта баҳоланди. Натижада Тохир В.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «г» банди («Безорилик») ҳамда 112-моддаси 1-қисми («Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш») бўйича айблов тақдим этилди.
Дастлабки тергов даврида Тохир В.га нисбатан қамоқа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Ҳозирги вақтда жиноят иши судга оширилган ва айбланувчига нисбатан жазо чораси суд томонидан белгиланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter