Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокат сўроқ қилиниши мумкинмас. Аммо...

Адвокат сўроқ қилиниши мумкинмас. Аммо...

Адвокат сўроқ қилиниши мумкин эмас, аслида. Аммо амалиётда шундай ҳолат сақланиб қолмоқда, бунга эса қонунлардаги номутаносиблик бунга изн бераяпти, дея ёзишмоқда тизим вакиллари бўлган Абдумалик Абдуллаев ва Дилкашбек Ҳайдаров. 

Уларга кўра, Ўзбекистонда тергов органлари томонидан жиноят ишлари доирасида адвокатларни ўз вазифаларини бажаришлари натижасида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиб, терговга жалб қилиниши ҳолатлари учраб турибди ва, ўз навбатида, уларнинг бундай кўрсатувлари далил деб инобатга олинмоқда. Бу эса, табиийки, малакали ва профессионал юридик ёрдам кўрсатилишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётир.

Ўзбекистон Республикаси «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси 2-қисмига мувофиқ, адвокатдан ва унинг ёрдамчисидан ва стажёридан адвокатлик сири предмети ҳисобланган ҳолатлар тўғрисида бирон-бир тушунтириш ёки кўрсатувлар беришни талаб қилиш, шунингдек улар ҳақида тезкор-қидирув фаолиятида, жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва бошқа ишларни юритишда фойдаланиш учун бирон-бир материал тақдим этишни талаб қилиш ман этилади.

Бироқ, ушбу қоида амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 115-моддасида тўлиқ акс этмаган. Яъни, мазкур моддада «жиноят иши юзасидан ўз вазифаларини бажаришлари натижасида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида — ҳимоячини, шунингдек жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакилини» гувоҳ ва жабрланувчи тариқасида сўроқ қилиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Яъни бу меъёр адвокатнинг:

  • Биринчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячиси сифатида қатнашган жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида ўзига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги;
  • Иккинчидан, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида адвокат қатнашган жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида ўзига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслигини билдиради.
  • Бироқ, амалда адвокат яна бошқа бир қатор ҳолатларда ҳам ўз вазифаларини бажариши натижасида (жараёнида) маълумотларга эга бўладики, жаҳон амалиётига ва оддий мантиққа кўра адвокат бу ҳолатлар тўғрисида ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Яъни бу:

- гувоҳнинг адвокати сифатида жиноят иши бўйича ўз вазифаларини бажариши натижасида;

- иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ишлар юзасидан ўз вазифаларини бажариши натижасида;

-юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида юридик маслаҳат бериши жараёнида;

-ҳар қандай юридик ёрдам кўрсатиши натижасида маълум бўлган ҳолатлардир.

Қолаверса, юридик ёрдам кўрсатилиши муносабат билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида нафақат адвокат, балки адвокат ёрдамчиси, адвокат стажёри ёки адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари ҳам сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Умуман, юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс билан мулоқот давомида муайян ишнинг айрим ҳолатлари адвокатга, адвокат стажёри, адвокат ёрдамчиси ёки адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимига маълум бўлиб қолиши табиий. Шу боис ҳам бу ҳолда, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома тузилган-тузилмаганлигидан қатъий назар, уларни гувоҳ сифатида сўроқ қилишга эришиш адвокатнинг дахлсизлиги, фаолиятига аралашиш бўлади ва, ўз-ўзидан, адвокатлик фаолиятининг мустақиллиги принципини бузади. Демаки, уларнинг гувоҳлик кўрсатувлари ҳам мақбул далил бўла олмайди.

Хориж тажрибасини кузатганимизда ҳам бу қоидани кўришимиз мумкин. Хусусан, Германия, Россия Федерацияси, Грузия, Қозоғистон, Белоруссия, Қирғизистон каби давлатларнинг жиноят процессуал қонунчилигида адвокатнинг юридик ёрдам кўрсатиш натижасида маълум бўлган ҳолатлар юзасидан сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги акс этган.

Масалан, Грузия Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига кўра адвокатни иш бўйича мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлган ҳолатлар ҳақида ҳамда юридик ёрдам кўрсатиши муносабат билан унга маълум бўлган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, ҳимояни олгунга қадар шахсга юридик ёрдам кўрсатган адвокат ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинмайди.

Бундан ташқари, Белоруссия Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 60-моддасига мувофиқ, адвокат, унинг стажёри, ёрдамчиси, адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари  – юридик ёрдам кўрсатиш муносабати билан уларга маълум бўлиб қолган қандайдир маълумотларни олиш учун гувоҳ сифатида сўроқ қилинмайди. Шунингдек, ишга алоқадор маълумотларга эга бўлган адвокат, гувоҳнинг адвокати, ҳимоячи, вакил (адвокат)ни гувоҳ сифатида сўроқ қилиш мумкин эмас.

Шулардан ҳам кўринадики, адвокат, адвокат ёрдамчиси, адвокат стажёри ва адвокатлик тузилмасининг бошқа ходимлари юридик ёрдам сўраб келган шахслар билан ўрнатилган мулоқотларда ҳамда юридик ёрдам кўрсатишлари билан боғлиқ ҳолатларда ўзларига маълум бўлган ҳолатлар ҳақида гувоҳлик кўрсатувлари олиниши мумкин эмаслиги қонунан қатъий чеклаб қўйилиши бизда ҳам аллақачон замон талабига айланиб улгурган.

Шундагина адвокат фаолиятига асоссиз аралашув амалиётига чек қўйилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг