Адвокат фаолиятига тўсқинлик қилган МИБ ходими жавобгарликка тортилди
Адвокатнинг МИБ биносига киришини тақиқлаб, ҳам унинг, ҳам у ҳимоя қилаётган фуқаронинг ҳуқуқларига дахл қилган Рустам Аҳадқулов ўз раҳбарияти томонидан интизомий, суд томонидан эса маъмурий жавобгарликка тортилди, деб ёзмоқда «Advokat» журнали мухбири Хонбиби Ҳиммаит қизи.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Иштихон тумани бўлими томонидан «табиий газдан ноқонуний фойдаланган» айблови билан ўзига нисбатан маъмурий иш очилгач, фуқаро С. ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат Н.Даминов билан шартнома имзолаган. Бироқ ишни юритаётган МИБ Иштихон туман суриштирувчиси Р.Аҳадқулов адвокатни қабул қилишни рад этиб, унинг ҳатто МИБ биносига киришини ҳам тақиқлаб қўяди. Ўз навбатида, фуқаро С.га ҳам босим ўтказиб, ҳузурига адвокатсиз, фақат ўзи келишини талаб қилади. Бу билан эса у бир томондан адвокатнинг касбий фаолиятини амалга оширишига тўғаноқ бўлган, иккинчи томондан эса фуқарони юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум этган эди.
Адвокат Н.Даминов суриштирувчининг процессуал қонун нормаларига бу қадар беписандлигини «ҳазм қилолмади» – унинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари тўғрисида МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғига ариза ёзди, шунингдек, МЖтКнинг 283-моддаси 5-қисмида назарда тутилган тартибда судга ҳам мурожаат қилди.
Шу ўринда МИБ ўз ходимининг номатлуб ишларига тезкорлик билан ва тегишлича муносабат билдирганини айтиб ўтиш жоиз. Зеро, адвокат Н.Даминовга юборилган жавоб хатидан маълум бўлишича, суриштирувчи Р.Аҳадқуловнинг қилмишлари Бошқарма бошлиғи ҳузурида ўтказилган тезкор йиғилишда (2019 йил 6 март) чиғириқдан ўтказилган. Натижада эса бу суриштирувчининг адвокат фаолиятига ғов бўлишдан ташқари, иш юритиш қоидалари ва ижро талабларига ҳам риоя қилмагани маълум ошкор бўлади... Натижада унга нисбатан интизомий жазо – ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унинг бевосита раҳбари, яъни туман МИБ бошлиғи эса «ҳайфсан» олади.
Маъмурий суд эса уни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1971-моддаси («Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш»)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида, яъни 405.460 сўм жарима тайинлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter