Чилонзордаги оилавий заҳарланиш юзасидан Республика бош Давлат санитария врачи расмий ахборот берди
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бир оиланинг тўрт фарзанди заҳарланиш оқибатида вафот этган эди. Воқеа юзасидан Республика бош Давлат санитария врачи С.Саидалиев расмий ахборот берди.
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда яшайдиган фуқаро А.Акбаров хонадонида 2018 йил 31 октябр куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланишда гумон ҳолати бўйича қуйидагилар маълум қилинади:
«Хонадон эгаси Алишер Акбаровнинг аёли Умида Хаитова (42 ёш) 2018 йил 30 октябрь куни, тахминан соат 20:00 ларда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининиг рўпарасидаги миллий таомлар кафесидан 5 дона сихга тортилган қийма кабоб, тандир нон ва тўғраб, уксус (сирка) солинган пиёз сотиб олиб, уйига олиб борган. Уларнинг уйи шу кафенинг яқинида жойлашган. Уйида оила аъзоларидан Умида Хаитованинг ўзи, унинг қизлари Азиза Акбарова (1996 йил туғилган), Эъзоза (2001 йил туғилган), Ирода (2003 йил туғилган) ва ўғли Фаррух Акбаров (2012 йил туғилган) бирга ўтириб, соат 20-30 да кабобни истеъмол қилишган.
У.Хаитованинг берган маълумотига кўра, кабобда нохуш ҳид ва таъм сезишмаган. Соат 23-30 ларда болалар бинонинг иккинчи қаватидаги хонага чиқиб, ухлашган. Уларда ҳеч қандай касаллик белгилари бўлмаган. У.Хаитованинг тахминан соат 23-30 ларда боши қаттиқ оғриган, кўнгли айниган ва кўп марта қусган. Хонадон эгаси А.Акбаров кабоб истеъмол қилинган вақтда уйда бўлмаган, қўшнисиникида бўлиб, тахминан соат 24:00 да уйига қайтган. Аёлининг соғлиғи ёмонлашганлиги тўғрисида тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилишмаган. Эр-хотин бинонинг биринчи қаватида ухлашган.
2018 йил 31 октябр соат 04-00 да У.Хаитова иккинчи қаватдаги фарзандлари ухлаётган хонани очиб кўрганда болаларининг оғзидан кўпик қусуқлари чиқиб, беҳуш ҳолда ётганлигини кўриб, тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Соат 04-30 да тез тиббий ёрдам мутахассислари келиб, улар томонидан У.Хаитованинг қизлари Азиза, Эъзоза, Ирода ва ўғли Фаррухда биологик ўлим ҳолати қайд этилган. Айни пайтда А.Акбаров соғлом, унинг турмуш ўртоғи У.Хайитовага эса Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, аҳволи қониқарли.
Ушбу хонадон эгалари Дилхуш кўчаси 37-уйдаги янги қурилган 3 қаватли бинога яқинда кўчиб ўтишган. Уй ертўлада ўрнатилган, табиий газда ишлайдиган иситиш қозони орқали иситилади.
Юзага келган ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг топшириғига мувофиқ Бош прокуратура, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати мутахассисларидан иборат ҳукумат комиссия тузилди. Комиссия томонидан ушбу холат бўйича овқатдан ёки ис газидан заҳарланиш тахминлари ўрганилмоқда.
А.Акбаров хонадони ва миллий таомлар кафесидаги ташқи муҳит объектларидан таҳлиллар учун тегишли намуналар олиниб, Республика санитария-эпидемиология хизматининг лабораториясига топширилди. Ўрганилаётган тахминлар, лаборатория таҳлиллари натижалари ҳамда амалга оширилган профилактик тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот берилади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter