Вафот этган онасини ертўлага яшириб, пенсиясини олиб юрган фирибгар фош бўлди
Aвстриянинг Тироль вилоятида яшовчи киши онасининг мумиёланган жасадини бир йил ертўлада сақлаб, унинг пенсиясини олиб келган. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.
Полициянинг маълумот қилишича, деменциядан азият чеккан 89 ёшли аёл 2020 йил июнь ойида табиий сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмган. 66 ёшли ўғли марҳумнинг жасадини уйнинг ертўласига яшириб қўйган. Ҳид чиқмаслиги учун бинт ва муз халталардан фойдаланган. Бундан ташқари, тананинг устига мушук ахлати учун мўлжалланган қоришмани сепиб чиққан.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳисоб-китобларига кўра, онаси вафотидан кейин эркак пенсия сифатида қарийб 50 минг еврони (630 миллион сўм) ноқонуний ўзлаштириб олган.
Унинг фирибгарлиги янги почтачи пенсияни фақат онахоннинг қўлига топширишини айтганидан кейин фош бўлди. Пенсионернинг ўғли, табиийки, буни рад этган. Почтачи воқеа ҳақида полицияни хабардор қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари австрияликнинг уйини тинтув қилиб, ертўлада нафақахўрнинг мумиёланган жасадини топишди.
Эркак айбига иқрор бўлди. Ҳибсга олиш пайтида полицияга бошқа даромадлари йўқлигини, онасининг вафот этгани ҳақида хабар берганида, пенсия тўлови тўхтатилиб, дафн маросимига пул топа олмаслиги ва бирга яшаган уйини сотишга мажбур бўлишини тушунтирган.
Гумондор шахс акасига онаси шифохонада даволанаётгани, аҳволи шу даражада ёмонлигидан уни кўришга борган тақдирда ҳам, ҳеч кимни танимаслигини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter