Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда жуда катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари ушлаб қолинди

Сурхондарёда жуда катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари ушлаб қолинди

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Сариосиё» темир йўл чегара-божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни республикамиз ҳудудидан қонунга хилоф тарзда олиб ўтишга бўлган уринишни фош этишди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қўшни давлатдан кириб келган ва республикамиздан транзит тарзида ўтаётган юк поезди инспекцион кўрик мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказилганида, вагонлардан бирининг шубҳали сканер тасвирлари божхона ходимларининг эътиборини тортган.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Мазкур вагон кинология ходимларининг хизмат итлари ёрдамида чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилганида, вагоннинг остки қисмида махсус хуфёна жойлар тайёрланганлиги аниқланди.

Ушбу хуфёна жойлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса, уларнинг ичига қора рангли целофан пакетларга скотчланган ҳолда 23 дона 5 литрлик сиғимга эга елим идишлар яширилгани фош бўлди.

Елим идишларнинг 4 тасига оқ рангли ўткир ҳидли 11 кг. 987 гр. оғирликдаги героин, 2 кг. 592 гр. гашиш ҳамда 19 дона елим идишларга жигарранг тусдаги ўткир ҳидли 81 кг. 348 гр. ҳажмдаги гашиш мойи солингани аниқланди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шундан сўнг вилоят божхоначилари Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан тезкор тадбир давом эттирилиб, «Дарбанд» темир йўл станциясида мазкур поезд таркибида бўлган яна бир вагон текширувдан ўтказилди.

Натижада, ушбу вагоннинг остки қисмида ҳам темир листлар ёрдамида тайёрланган махсус хуфёна жойда қора рангли целофан пакетларга скотч билан ўралган жами 21 дона 5 литр ҳажмли полиэтилен идишлар яширилганлиги ва уларнинг ичида 30 кг. 648 гр. гашиш ҳамда 45 кг. 906 гр. гашиш мойи гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланди.

Ўтказилган тадбирлар давомида қарийб 172,5 кг. оғирликдаги гиёҳванд воситаларнинг республикамиз ҳудудидан яширин равишда ўтказилишига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан  жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органларига юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг