Сардобалик фермер сув оқизган икки қизалоқни қутқариб қолди
Сирдарёда сув омборининг ўпирилишидан юзага келган тошқинда бир фермер сув оқизиб бораётган икки қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Жалилов «Халқ сўзи» мухбирига cўзлаб берди:
— Тошқиннинг дастлабки зарбаси бизнинг маҳалламизга урилди. Хабар келган заҳоти, яъни тонг ғира-ширасида овозкучайтигичлар орқали аҳолини тезликда уйларини тарк этишга чақирдик. Ва қисқа вақтдаёқ фавқулодда вазиятлар, ҳокимлик ва турли ташкилотлар билан биргаликда одамларни турли транспорт воситаларида хавфсиз жойларга кўчиришга муваффақ бўлдик. Шу ўринда қишлоқдошимиз, фермер Абдуҳошим Азимовнинг жасоратини айтиб ўтишим лозим деб ҳисоблайман. У ҳаётини қил устига қўйиб бўлса-да, сувда оқиб бораётган икки нафар вояга етмаган қизимизни офат чангалидан қутқариб қолди. Умуман, маҳалладошларимизнинг бир-бирини қўллаб-қувватлови ва албатта, қутқарувчиларнинг тезкорликлари, мардона ҳаракатлари туфайли, офатнинг келиб чиқиши мумкин бўлган мудҳиш оқибатларнинг олди олинди. Ҳозир маҳалламиз аҳли хавфсиз масканга жойлаштирилган, дейди маҳалла раиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter