Қўшнисини аянчли тарзда ўлдирган қотилга ҳукм ўқилди
Бухоро вилояти, Шофиркон туманидаги «Дизқўрғон» қишлоғида туғилган 34 ёшли К.К. оғир даражада маст ҳолатда бўлган қўшниси Ғ.Н.нинг баданининг турли қисмларига ўроқ билан 33 маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган.
Қотил 17 йилга қамалди, дея «Xabar.uz»га маълум қилган Жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди раиси Улуғбек Бозоров.
Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро Ғ.Н. иш юзасидан қўшниси К.К.нинг хонадонига борган. Спиртли ичимлик истеъмол таъсирида бўлган Ғ.Н. ҳамқишлоғи К.К.нинг уйда йўқлигини унинг онаси О.Ф.дан эшитиб, жаҳлланган. Ўзидан ёши катта бўлган онахондан ўғлини топиб беришини бақириб сўраган ва ҳеч сабабсиз О.Ф.ни ҳақоратлаб сўккан ва ортига қайтган. Ўта маст ҳолатда бўлган қўшнисининг яна қайтиб келиши мумкинлигидан қўрққан О.Ф. зудлик билан ўғли К.К.га қўнғироқ қилиб, воқеани унга айтиб берган.
Орадан бир неча соат ўтгач, кечки пайтда К.К. онасини нега сабабсиз ҳақорат қилганини очиқлаш учун қўшниси Ғ.Н.нинг яшаш хонадонига келган. Бу пайтда Ғ.Н. уйида ёлғиз, оиласидагилар меҳмонга кетган бўлишган.
К.К. маст ҳолда ҳовлисидаги крават устида ўтирган Ғ.Н.дан нега онасини ҳақорат қилганлигининг сабабини сўраган. Шунда ҳам ичкилик таъсиридан ҳуши ўзида бўлмаган Ғ.Н. қўшниси К.К.ниям ҳақоратлаб ташлаган. Бундан жаҳлланган К.К. ўша ерда бўлган ўроқни қўлига олиб, Ғ.Н.га ташланган. Ғ.Н. қаршилик кўрсатишга уринган. Ўрталаридаги жанжал 15-20 дақиқа давом этган. Бироқ, К.К. Ғ.Н.нинг ожиз ва маст ҳолатда эканини инобатга олмай, унга нисбатан ўта шафқатсиз ҳатти-ҳаракатда бўлган. Ўроқ билан Ғ.Н.нинг бош соҳасига 2-3 маротаба ва қорин соҳасига 4-5 маротаба урган. Ғ.Н. олд томони билан ерга йиқилган. Ва кўзи қонга тўлган К.К. йиқилган ҳолда бўлган қўшнисининг баданининг дуч келган қисмига ўроқ билан урган ва унинг воқеа жойида вафот этишига сабаб бўлган.
К.К.га ожиз шахсга нисбатан ўта шафқатсиз ҳатти-ҳаракатни содир этиши оқибатида 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
«Қотил қамоқ жазосини ўта оғир тартибли колонияларда ўтайди»,—дейди Улуғбек Бозоров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter