Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Пойтахтдаги мактаб ўқувчилари шам ёруғида дарс ўтишди

Пойтахтдаги мактаб ўқувчилари шам ёруғида дарс ўтишди

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги 280-мактабда ўқувчилар шам ёруғида машғулот ўтаётгани акс этган суратлар тарқалди.

Чилонзор тумани ҳокимияти ҳолатга изоҳ бериб, бу сурат шу йилнинг 6 декабрида олингани, ўша куни мактаб жойлашган мавзеда катта носозлик юз бергани, шу сабабли ўқувчилар чироқсиз дарс ўтишганини маълум қилди.

Расмий муносабатда қайд этилишича, мактаб жойлашган ҳудудда ортиқча юклама бўлгани туфайли трансформатор подстанциясида шахмат тахтаси тартибида электр қуввати вақтинча ўчирилган.

Ўша куни мактабдаги 66 та синфхонадан 17 тасида электр таъминоти бўлмаган. Булутли об-ҳаво туфайли эрталаб синфхоналарда одатдаги кунларга қараганда ёруғлик пастроқ бўлгани учун ўқитувчилардан бири ўз ташаббуси билан шам ёқиб дарс ўтган.

Қўшимча қилинишича, электр таъминотидаги муаммо бўйича мактаб маъмуриятининг Чилонзор туман халқ таълими бўлими ва ҳокимлик ҳузуридаги штабга хабар етказилган ва шунга кўра 7 декабр куни тармоқдаги муаммо туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан бартараф этилган.

Ҳозирда мактаб электр қуввати билан тўлиқ таъминланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг