Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўғлини калтаклаётганлардан ҳимоя қилган ота вафот этди

Ўғлини калтаклаётганлардан ҳимоя қилган ота вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида жанжал вақтида 24 ёшли ўғлини ҳимоя қилмоқчи бўлган 57 ёшли Маҳмуд М. турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.  

Воқеа 2020 йилнинг 22 ноябрь куни соат 16:00 да содир бўлган. Қайд этилишича, Ҳусниддин Р. Косон тумани «Пахтазор» МФЙда жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорчаси ёнида фуқаро 24 ёшли Миролим Б.ни кўриб қолиб, ўрталарида бўлган ўзаро адоват сабабли, унга қасддан тан жароҳати етказиб, ундан қасд олиш мақсадида ушбу жанжалга акалари 22 ёшли Рухиддин Р., Озодбек Р. ва бошқаларни жалб қилган.

Бу вақтда Миролим Б. ўзининг яқин қариндошларини ёрдамга чақиради. Ўғлига зиён етмаслиги учун ҳодиса жойига етиб келган отаси, 57 ёшли Маҳмуд М., акаси 27 ёшли Миржалол Б. ва поччаси 35 ёшли Жамшид М.лар ушбу жанжални олдини олиб, бартараф қилмоқчи бўлишади.

Аммо Ҳусниддин Р., Рухиддин Р., Озодбек Р. ва бошқалар совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, Маҳмуд М. Ва унинг ўғиллари Миржалол Б., Миролим Б. ҳамда Жамшид М.ларнинг турли жойларига қасддан уриб, турли даражада тан жароҳатлар етказишган. Оқибатда улар Косон тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида 8.12.2020 йилда Ҳусниддин Р., Озодбек Р. ва Рухиддин Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси 104-моддаси 2-қисми «б,к,л» бандлари билан айблов эълон қилиниб, Ҳусниддин Р., Озодбек Р.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги, фуқаро Рухиддин Р.га нисбатан эса «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, фуқаро Маҳмуд М. олган тан жароҳати туфайли жорий йилнинг 11 декабрь куни шифохонада вафот этган.

Жиноят иши эса ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми «б,к,л» бандларидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг