Наманганда шафқатсиз босқинчилик. Уларни оғир жазо кутмоқда
2020 йил 7 июль куни соат 04:00 да Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ИИБга хабар келиб тушади.
Унга кўра, шу куни соат 03:00 ларда «Бураматут» МФЙ, Янгиобод кўчасидаги уйларнинг бирига 4 нафар номаълум шахс юзларига аёллар пайпоғини ниқоб сифатида кийиб, уйнинг девор қисмини бузиш орқали киришади.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, темир бўлаги ва ошхона пичоғи билан қуролланган бу босқинчилар хонадонда бўлган уй эгаси, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларига ҳужум қилиб, уларнинг қўл ва оёқларини ип билан боғлаб, темир бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказишади. Пул беришни талаб қилиб, хонадонда бўлган 11.400 АҚШ доллари, 100.000.000 сўм нақд пулларни ҳамда 61.390.000 сўмлик турли кўринишдаги тилла буюмларини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинишади.
Ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, ҳолатни синчиклаб ўрганиб, бир қатор излар ва ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.
Бу орада судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланиб, уй эгаси И.Ў.да баданида пешона суягининг очиқ синиши, бош мия тўқималарининг лат ейиши кўринишидаги жароҳатлар мавжудлиги, турмуш ўртоғи М.Х.да эса пешона ва энса соҳасида эзилган жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича номаълум шахсларга нисбатан 2020 йил 7 июлда Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.
Олиб борилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни 53 ёшли Ғ.Қ., 44 ёшли У.Ю., 29 ёшли Ж.Т. ва 35 ёшли Ш.Т.лар содир этилганлиги аниқланиб, барчаси процессуал тартибда ушланганлар.
Ўз навбатида Ғ.Қ.нинг яшаш манзилидан, тинтув давомида битмаган хона деворининг ғиштлари орасида 70.000.000 сўм пул, 10.000 АҚШ доллари ҳамда ерга кўмиб қўйилган тилла тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter