«Малика»даги пичоқбозлик: одам ўлдирган шахсга ҳукм ўқилди
Ўтган йилнинг 12 сентябрь куни «Малика» савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар ўртасида жанжал юзага келгани ва улардан бир нафари пичоқланиб, вафот этгани хабар қилинганди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида мазкур пичоқбозликда қатнашиб, бир инсоннинг ўлимига сабабчи бўлган шахсга ҳукм ўқилди.
Маълум бўлишича, айбланувчи бундан олдин ҳам бир неча маротаба судланган. Охирги марта 2019 йили Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси, яъни ўғриликда айбдор деб топилган ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, шартли равишда муддатидан аввал озод қилинганига қарамай, яна жиноят йўлига кирган.
Воқеа 2021 йил 12 сентябрь куни соат тахминан 11:30 ларда «Малика» савдо марказида содир бўлган. Дастлаб, марҳум ва судланувчи ўртасида келишмовчилик юзага келган. Мазкур жанжал фуқаролар томонидан тўхтатилган бўлишига қарамасдан, судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, танишини савдо маркази ҳудудига яқин бўлган ошхона олдига олиб чиқиб, уни такроран уриб дўппослаб, танасининг турли соҳаларига тан жароҳатлари етказган. Танишининг чап кўкрак қафасига пичоқ билан етказилган тан жароҳати оқибатида фуқаро шу куни 7-шаҳар клиник шифохонасида вафот этган.
Суд давомида туман прокурор ўринбосари ва судланувчининг адвокати ҳам нутқ сўзлаб, суд ҳайътига тегишли далилларни келтириб ўтишди. Шуларга мувофиқ, суд ҳукми ўқилди.
Судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter