«Малика»да телефон сотувчисини пичоқлашди — расмий хабар
Ижтимоий тармоқларда «Малика» савдо мажмуаси олдида пичоқбозлик бўлганлиги ҳақидаги хабар остида видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.
2021 йил 12 сентябрь куни тахминан соат 12:00 ларда Шайхонтоҳур тумани КХAЙ ва Лабзак кўчалари кесишмаси ёнида жойлашган кафенинг олдида «Малика» савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланувчи бир нечта фуқаролар ўртасида жанжал юзага келган. Жанжал натижасида 1977 йилда туғилган Т.Б. кўкрак қафаси соҳасида санчилиб кесилган жароҳатлари билан вафот этган. Шунингдек, 1988 йилда туғилган М.A. бир неча жойидан санчилиб кесилган жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб борилган.
Жиноятни содир этишда гумонланаётганларни аниқлаш, шунингдек, жиноят гувоҳлари билан тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун жанжалда иштирок этган барча шахслар ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ушбу шахсларни ички ишлар бўлимига олиб бориш жараёни акс этган видео, шунингдек, воқеа жойини ўраб олиб кўздан кечириш жараёни акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter