Мактаб қизлари ўртасида содир бўлган жанжалга расмий муносабат билдирилди
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида мактаб ўқувчилари ўртасида жанжал акс этган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Қайд этилишича, мактаб ўқувчилари ўртасида бўлган мазкур жанжал Мирзаобод тумани 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисида содир бўлган.
Жорий йилнинг 25 январида умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари Г.П. (қиз бола) ва Р.М. (қиз бола) нинг ўзаро келишмовчилик оқибатида тортишуви жанжалга сабаб бўлган. Бу вақтда жанжаллашаётган ўқувчи қизларни шу синф ўқувчиси К.З. (ўғил бола) томонидан телефон камерасида видеотасвирга олинган ҳамда ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган.
Мазкур ҳолатда икки ўқувчига ҳам жиддий тан жароҳатлари етмаган. Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими ва ички ишлар бошқармаси масъуллари, мактаб раҳбарияти, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида кўнгилсиз ҳолат танқидий-таҳлилий руҳда ўрганиб чиқилган. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида икки ўқувчи ўзаро ярашувга қўл узатишган.
Шунингдек, мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг таълим-тарбияси ва хулқ-атвори доимий назоратга олинган.
Шу билан бирга, мактабда тарбия жараёни тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ўқувчиларни мактабдан ташқари банд қилиш ишларида камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, мактаб директори ва директорнинг маънавият масалалари бўйича ўринбосарига тегишлича интизомий чора кўрилган.
Ўқувчиларнинг ота-оналари фарзанд тарбиясидаги ўз мажбуриятларни етарли даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жаримага тортилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter