Ҳиндистонда тутқунликда қолгани айтилган аёллар ҳақида расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда айни пайтда вақтинча Деҳли шаҳрида бўлиб турган бир гуруҳ аёллар томонидан қилинган мурожаат видеоси тарқалди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси расмий ахборот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 август куни фуқаро Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлигида жами 7 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасининг консуллик бўлимига ватанга қайтаришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Элчихона томонидан мазкур фуқароларга тезкор равишда барча тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган.
Хусусан, уларнинг яшаш жойи мавжуд эмаслиги ва молиявий оғир аҳволидан келиб чиқиб, зудлик билан Деҳли шаҳрида Empowering Humanity нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда бошпана билан таъминиб, уларга уч маҳал иссиқ овқат бериб келинмоқда. Ўз навбатида, мурожаат қилган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги инобатга олиниб, уларга Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган.
Қўшимча қилинишича, юқорида қайд этилган фуқаролар Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келганликлари ва ушбу мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликлари аниқланган. Шу билан биргаликда, видеомурожаат муаллифи — Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлари масаласида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан тегишли тергов ва суд жараёнлари давом этаётганлиги сабабли уларнинг ушбу давлат ҳудудидан чиқишига вақтинчалик чеклов қўйилган. Ушбу ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, юқоридаги фуқароларнинг тезкор равишда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланади, дейилади расмий хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter