Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дори қутисидан 30 дона «Парацетамол» топилган туркиялик ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

Дори қутисидан 30 дона «Парацетамол» топилган туркиялик ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

2022 йилнинг 25 декабрида юк автомашинаси салонидаги дори қутисидан 2 ўрамда жами 30 дона «Парацетамол» дори воситаси топилган туркиялик ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, вилоят ИИБ ҳамда вилоят Божхона бошқармаси «Олот» чегара пости орқали контрабанда йўли билан олиб кирилаётган маҳсулотларни аниқлаш мақсадида навбатдаги тадбир ўтказилган.

Мазкур пост ҳудудида «Туркия-Ўзбекистон» йўналишида ҳаракатланиб келган Туркия фуқароси И.Р.Ж. бошқарувидаги юк автомашинаси кўздан кечирилган. Машинанинг салон қисми приборлар панелидаги буюмлар ва дори қўйиш қутисидаги турли хил дори воситаларининг борлиги ходимларнинг эътиборини ўзига жалб этган. Дори қутида сақланаётган биринчи ёрдам таблеткаларидан ташқари, оч сарғиш рангли қоғоз қути ичида, фолгаланган юзасида «А-ферин» 300мг/2мг/10мг Капсул Парасетмол Клорфенирамин малеат Кодеин фосфат» ёзувли завод қадоғида бўлган 2 дона конвалюта топилган.

Бир томони қизил, иккинчи томони тўқ кулрангда бўлган ушбу капсула таркибида гиёҳванд моддага ўхшаш дори воситаси борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туркиялик ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, айбдор беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг