Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бек-барака»да бозорчи йигит профилактика нозирини дўппослади

«Бек-барака»да бозорчи йигит профилактика нозирини дўппослади

17 апрель куни Зангиота туманида жойлашган «Бек-барака» савдо мажмуасида озиқ-овқат дўкони сотувчиси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори, капитанга тан жароҳати етказди.

Аниқланишича, бозор ҳудудидаги ҳожатхона ёнида жойлашган озиқ-овқат дўкони ишчилари дўкон ташқарисига расталар қўйиб савдо қилаётгани натижасида ҳожатхона томон йўллар торайган ва ноқулай ҳолат юзага келган. Шу сабабли профилактика нозири сотувчидан шахсини тасдиқловчи ва савдо қилиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатларни сўраб, таянч пунктига келишини таклиф қилган. Ўзини ушбу «дўкон эгасиман» — деб таништирган андижонлик, 1991 йилда туғилган фуқаро У.Ж. уларнинг қонуний талабларини бажармасдан, уятли-бузуқ сўзлар билан ҳақоратлаб, қаршилик кўрсатиб, капитан М.Ш.нинг юзига қўли билан уриб, тан жароҳати етказган.

Суриштирув давомида капитан М.Ш. олган тан жароҳатлари натижасида соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез ёрдам чақиртирилиб, ИИВ марказий госпиталиги ётқизилган. Капитанга «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши», ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи 0.3 см. шилинган жароҳати, пешона ўнг қисмининг 2х2 см. гематомаси, бурун усти қизарган жароҳати» ташхиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи томонидан хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда Зангиота туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг