Алимент учун қамалган самарқандлик шифохонада вафот этди
Самарқандда 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган фуқаро шифохонада вафот этди.
Вилоят ИИБ берган маълумотга кўра, Оқдарё тумни «Ойтамғали» МФЙда яшаган фуқаро Б.Р. Пайариқ тумани суди ажримига кўра 2021 йилнинг февралидан 2 нафар вояга етмаган фарзандлари вояга етгунига қадар алимент тўлаши белгиланган бўлса-да, 2022 йил октябрь ойига қадар 23 млн сўм миқдорида алимент ва моддий таъминот пулларини тўламасдан келганлиги аниқланган.
Шу тариқа ЖИБ Оқдарё туман судининг жорий йил 25 октябрдаги қарори билан Б.Р.га МЖтКнинг 47-4-моддаси 1-қисми билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаро Б.Р. маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонага 25 октябрь куни олиб борилган.
Махсус қабулхона ичида фуқаро Б.Р.нинг руҳий ҳолати ёмонлашиши (тутқаноғи тутиб қолган) натижасида йиқилиб, бош қисми хона ичидаги девор бурчагига урилиб, тан жароҳати олган.
У билан бир хонада сақланаётганлар, шунингдек, махсус қабулхона ходимлари унга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишиб, фуқаро РШТЁИМ Самарқанд филиалига олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Махсус қабулхонага келтирилгандан сўнг ҳам фуқаро хона ичида ўзига-ўзи гапириб, руҳиятида бузилиш бўлганлиги сабабли, Махсус қабулхона бошлиғи хатига асосан вилоят руҳий касалликлар шифохонасига унинг руҳий ҳолатини текшириш учун юборилган.
Фуқаро Ургут тумани «Ҳалқобод» маҳалласида жойлашган вилоят руҳий касалликлар шифохонасига ўтказилганидан сўнг, 28 октябр куни вафот этган.
Айни дамда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда марҳумнинг ўлими сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси, ИИБ ходимлари ва шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter