«9 ёшли болани кекса аёл қоронғу жойга олиб боргани» ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда 9 ёшли болани кекса аёл қоронғу жойга олиб боргани ва бола ундан қўрқиб қочиб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур хабар юзасидан ўтказилган текширув жараёнида аниқланган ҳолатни маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 февраль куни тахминан соат 20.00 ларда 2013 йилда туғилган А.А. футбол машғулотидан сўнг Яккасарой туманида жойлашган уйига қайтаётган вақтида кекса ёшдаги аёл қўлидаги халталарни кўтаришда ёрдам беришини сўраган.
Вояга етмаган А.А. кекса аёлга халталарини кўтаришда ёрдамлашиб, 71-уйнинг олдига борганида номаълум эркак кишини кўриб қолган.
Вояга етмаган А.А. қоронғу бўлиб қолганлиги сабабли уйга кетишини билдириб, қўлидаги халталарни ерга қўйиб, уйи томон югуриб кетган.
Кекса аёл ва номаълум эркак томонидан вояга етмаган А.А.га нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлди, дейилади ИИББ хабарида.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда вояга етмаган А.А. ота-онаси билан бирга соғ-саломат ҳолатда. Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter