Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Ўртача ойлик маош

Ўртача ойлик маош

– Икки миллион саккиз юз... Қани ўша икки миллион?  Мен, масалан, кўрмаяпман-ку уни?

Фото: «dixinews.kz»

Қуйида иқтисодий масалалар бўйича халқаро миқёсдаги эксперт билан макон ва замон (ёки ундан ташқари)да суҳбатлашамиз.

– Ҳурматли жаноб эксперт, сиз билан ўртача ойлик маош миқдори хусусида суҳбатлашсак. Кейинги вақтда бу мавзуда тез-тез чиқишлар қилиниб, кўпчилик ёқасини ушлаб, айримлар ҳушидан кетиб, бошқалар эса кулиб қотиб қолаётир.

– Мазкур масаланинг визуал ва концепцуал омиллари борки, уни кўриб чиқиш глобал миқёсда оптималлаштиришни талаб қилади. Ўртача ойлик маош миқдори, бу инсон яшаш шароитининг топонимик ва демографик шароитларини тақозо этади, албатта. Яъни, тамаддун, кўпчиликнинг тилида айтганда, цивилизация ҳар бир шахснинг такомилидан келиб чиқади.

– Илтимос, фуқароларга тушунарли бўлиши учун оддийроқ изоҳларга ўтсангиз. Ўртача ойлик маош миқдори нима ўзи? Унинг аниқ миқдори қанча? Аниқ гапирсангиз...

– Сизни тушундим, аммо сиз ҳам мени аффирматив тарзда тушунмоғингиз зарур. Гарчанд бу саволга оддий тарзда жавоб бериш мушкул бўлса-да, камина интуитив равишда шунга ҳаракат қиламан! Ўртача ойлик маош миқдори шахс индивидуал даражасининг вербал қийматидан келиб чиқади. Дейлик, космик сатҳда...

– Космик сатҳни қўйиб турайлик, ерга тушайлик.

– Аммо ўртача ойлик маош миқдори космик миқёсда аниқламай бўлмайди-да!

– Аниқ, конкрет, пунктуал равишда жавоб беринг: бизда ўртача ойлик иш ҳақи қанча?

– Икки миллион саккиз юз минг...

– Сиз яна космик сатҳга сапчияпсиз. Ўртача ойлик маош миқдори қанақасига икки миллион саккиз юз минг бўлсин?

– Шунақасига! Бу халқаро трафиклар КЮЭС даражасида ҳисоблаб чиқилган. Коэффициентлар бўйича шкалалар абберацияси икки томонлама йўналишда ишланган.

– Икки миллион саккиз юз... Қани ўша икки миллион?  Мен, масалан, кўрмаяпман-ку уни?

– Сизга тушунтирсам тушунмаяпсиз! Гапни бўлаверасиз, бўлаверасиз!.. КЮЭС даражасида ҳисоблаб чиқилган, дедим, тўғрими? Демак, у кўринмайди!

– Кўринмайди? Нега? Пластикдами у?

– Йўқ, албатта.

– Кўринмаса, нафиг керак бу икки миллион?

– Обвеатура нуқтаи назаридан керак! Мен ҳозиргина айтган шкалалар абберацияси инерция бўйича ўзаро стимул бўлади! Икки миллион доллар...

– Доллар? Ўртача ойлик иш ҳақи... икки миллион... доллар?.. Ҳиқ...

– Сиз ҳаяжонланманг, ўтиринг. Аффирмацияларни доимо ёдингизда тутинг! Ҳа, доллар!.. Плацебо эффекти ҳақида эшитганмисиз? Эшитмагансиз! Мана шу ўртача икки миллион саккиз юз плацебонинг зидди ноцебо бўлиб туюлиши мумкин.

– Шошманг-шошманг! Агар ўртача ойлик маош миқдори шунча бўлса, бутун маош миқдори қанча унда? Сиз... сиз қайси мамлакатнинг ўртача ойлик иш ҳақи ҳақида гапиряпсиз ўзи?

– Сферик потенциал деган атама бор. Ана шу қиймат баланси нуқтаи назаридан оладиган бўлсак...

– Мен суҳбатимиз бошидан буён ҳеч нимани тушунмаяпман. Мана шу кўзларимиз билан аниқ кўрадиган маошимиз миқдорини айтиб бера оласизми? Фақат фантастик рақамлар бўлмасин.

– Маълумки, кўз қаватлари ўнта қобиқдан иборат. Сиз сўраган миқдор шу қобиқларнинг қай даражада фаоллиги билан боғлиқ. Бундан ташқари аниқ кўришга глаукома халақит бериши мумкин. Сиз шубҳа билдираётган фантастик рақамлар индукцияли векторлардан келиб чиқади...

 (Хуллас... бошидан ўқилсин!)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг