Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

«Бугун ўзгараман!..» ёки дангаса талабанинг иқрори

«Бугун ўзгараман!..» ёки дангаса талабанинг иқрори

Фото:«Antekante.com»

Худди ўзлари оппоқдек нуқул мени танқид қилишади, омон бўлгурлар. Хуллас, турли мақолалар, ҳикоялар қаҳрамони бўливериш жонга тегди. Нима менда ҳам қалам йўқми? Фақат озгина мизғиб олсам кифоя, мақола деганларини дўндириб ташлайман. Шуни баъзи ақллиларга айтсам, «Дангасанинг оғзи ботир» деб устимдан кулишди. Уларнинг бу қилиғи жаҳлимни чиқарди. Эътибор беринг-а, қачон қарасанг «Дангаса бўлиш ёмон, салбий иллат» деб бонг уришади. Бизга янги фикр, янгилик керак, ҳурматли қаламкашлар! Дангасанинг ҳам ўз сўзлари, ҳаёт тарзи ва яна кечириб қўясиз, муаммолари бор. Масалан, сиз учун нуқул бир нуқтага тикилиб, хаёл суришдан ёмони йўқ. Мен эса соатлаб баъзан шу аҳволда ўтиришга мажбур бўламан. Китоб, мусиқа, қўйингки, оламдаги жамики шовқин менга уйқуни эслатаверади.

Уйқу эса энг беозор, энг ёқимли дўст. Туш кўрсанг, у сендаги хаёлий саҳналарни тасаввурда яратиб беради, фақат кўзларингни очиб, ҳаммаси ғирт ёлғонлигини билгач, аламдан бошни яна ёстиққа буркашга мажбур бўласан.

Бир дўстимнинг айтишича, менда «ўз-ўзини танқид қилиш» хусусияти йўқ экан. Тасаввур қилинг, бутун жамият сендан норози бўлиб турган вақтда, ўзини ёмонлашга ўрин бормикан?

Дангасаларни кўкнорихаёлларга чиқариш энг катта хатолардан биридир. Масалан, мен ҳаётга реал қарайдиган инсонман. Шу хусусиятим туфайли не-не кўргуликларга дучор бўлмадим. Эрталаб зўр-базўр уйғониб, дарсга етиб борганимда, талабаларнинг қунтсизлигидан хуноб бўлиб ўтирган ўқитувчи мендан аламини олади. Топшириқни бажариб бормаганлар кўпчилик, аммо нинадек ўткир сўзлар менга қаратилади. Бир ўзим бутун гуруҳнинг юзига доғ бўлиб тушган эмишман. «Иш қилганга қоп-қоп, қилмаганга бўш қоп» деб уқтирди устоз. Оқибатда барча имтиҳонлардан қониқарсиз баҳо олдим. Исми-шарифимни ҳатто талабалар сафидан чиқариладиганлар қаторига қўшиб қўйишибди. Бу ҳолни кўриб, оромни севувчи камина оёғи куйган товуқдек питирлаб қолдим. Энг ёмони, бир амаллаб қидириб топган домлаларим топшириқларни шундай қалаштириб ташлашдики, устма-уст қўйса Жомолунгмага етади. Бунинг устига ташқарида «туф» десанг тупук қотадиган совуқ. «Ишдан қўрқмаган қишдан қўрқмас» қабилида аълочилар мазза қилиб юришибди.

Мен эса кечга яқин хонамга келаман-да, яна топшириқларга ёпишаман. Гоҳ чарчоқ енгиб, бир томонга оға бошлаганимда, ўқиш бахтидан мосуво бўлиш ёдимга тушиб сергак тортаман. Овқат ҳам томоқдан ўтмайди, енгил хўрак дастидан таёқдек қотиб кетдим, юмшоқ ўрин эса неча кундан бери бир тахлитда турибди. Уйқу деган сўз энди ширин хотираларга кўмилиб, хаёлимдан узоқлашган. Телевизор ва футбол матчлари ёшликда бувим сўзлаб берган эртаклардек туюлади. Эсиз беғам ўтган даврларим, эсиз бекор ўтган вақтим дейман-у,яна китоб устига энгашаман.

Бироз фурсат ўтгач, топшириқларга «тишим ўта бошлайди». Раҳмдил дўстларим ёрдамга келади. Ўқитувчилар хонаси, коридор, ёхуд бошқа жойда соатлаб ўтирганимга устозларининг раҳми келиб, вазифаларни қабул қилишади, «йигитнинг баҳоси»ни қўйиб беришади.

Хуллас, «саргузаштлар» шу тариқа тамом бўлади. Шу пайтгача «Ишлаганнинг иши битар, Кишнаганнинг куни ўтар» қабилида юрганим учун ўзимни бўралаб сўкаман. Йўқ буёғига бошқача ҳаракат қиламан. Бугун ўзгараман!..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг