Битта кубок учун 32 жамоа: «Учранглилар»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Францияга!
Лақаби: «Кўклар», «Учранглилар».
Конфедерация: УЕФА.
Бош мураббий: Дидье Дешам.
Сардор: Уго Лорис.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Лилиан Тюрам (142).
Тўпурар: Тьерри Анри (51).
Стадион: «Стад де Франс».
ФИФА рейтингида: 7 (2018 йил 17 май).
Энг юқори ўрин: 1 (2001 йил май – 2002 йил май).
Энг паст ўрин: 27 (2010 йил сентябрь).
Илк расмий ўйин: Белгия – Франция 3:3 (Брюссел, Белгия; 1904 йил 1 май).
Энг йирик ғалаба: Франция – Озарбайжон 10:0 (Осер, Франция; 1995 йил 6 сентябрь).
Энг йирик мағлубият: Дания – Франция 17:1 (Лондон, Англия; 1908 йил 22 октябрь).
Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 14 марта (чемпион: 1998 йил).
Европа чемпионати: 7 марта (чемпион: 1984, 2000 йиллар).
Ғоя кимдан, ғолиб ким?
Замонавий олимпиада ғоясини кўтариб чиққан киши француз миллатига мансуб Пьер де Кубертен бўлса, футбол бўйича дастлабки жаҳон чемпионати ғояси муаллифи ҳам айнан Франция фуқароси Жюл Риме ҳисобланади. Гарчи ғоя ва ташаббус ўзларидан бўлса-да, бош совринни олиш француз футболчилари учун анча вақтгача армон бўлиб қолди. Олтин медалларга яқин келган дастлабки «учранглилар» 1958 йилги жаҳон биринчилигида кўзга ташланди. Ўшанда чақмоқ мисол ёнган француз юлдузлари Жюст Фонтен, Раймон Копа ва Робер Жонкелар ярим финалга қадар етиб боришди ва бразилияликларга имкониятни бой беришди. Учинчи ўрин учун баҳсда немисларни доғда қолдирган французлар бронза медал билан чекланишди. Шундан сўнг омадсизликлар гирдобида қолган француз футболи 1970-йилларга келиб чемпионатга чиқиш вазифасини ҳам уддалай олмади, ҳатто Европа чемпионати ҳам уларсиз ўтди.
Платини билан Европа забт этилди
Франция жаҳон футболи державаларидан бирига айланиши учун яна ўн йилча вақт керак бўлди. Шундан сўнг француз футболи юлдузи Мишел Платини даври бошланди. У шериклари Жан Тигана, Патрик Баттистон ва Ален Жирес билан биргаликда Мишел Идалго мураббийлигида қадам-бақадам юқори чўққиларга кўтарила бошлади. 1982 йилги жаҳон чемпионати ярим финалигача етиб келган французларга медал олиб кетиш насиб қилмаган бўлса, икки йил ўтиб Европа чемпионатида ғалаба қозонишди. 1986 йили Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати мазкур авлод учун сўнгги имконият эди ва у 1958 йилдаги натижани такрорлади.
Жаҳон чемпионатидаги ғолиблик
1990-йилларда француз футболида Дидье Дешам, Лилиан Тюрам, Лоран Блан, Тьерри Анри, Патрик Виейра, Зайниддин Зидан, Эмануэл Пети каби янги юлдузлар порлай бошлади. Мазкур авлод шу кунгача Франция футболи тарихидаги энг омадли ва кучлиси бўлган десак хато бўлмайди. Ҳаммаси 1998 йилги жаҳон чемпионатидан бошланди. Гуруҳ ўйинларини осонлик билан ютган французлар нимчорак финалда парагвайликларнинг кучли қаршилигига дуч келишди. Лоран Бланнинг олтин голи мезбонларга «плей-офф» босқичини давом эттириш имконини берди. Чорак финалда Италияга қарши турган францияликлар ўйинни пеналтилар сериясигача олиб боришди. Ди Бяжонинг хатоси «учранглилар»ни мусобақа кашфиёти хорватларга қарши ярим финал жангига етаклади. Болқонликлар қаршилиги синдирилгач, финалда Бразилия термасига қарши қийин учрашув бўлиши кутилганди. Аммо жаҳон юлдузи Роналдо ва унинг шериклари кутилмаганда Зиданга биринчи бўлимнинг ўзида «дубл» қайд этиши учун имконият яратиб беришди. Эммануэл Петининг сўнгги дақиқалардаги голи йирик ҳисоб қад этилишига замин яратди, холос.
Кейинги натижалар
Икки йил ўтиб Франция терма жамоаси Европа чемпионатида ҳам ғолибликка эришди. Апеннин яримороли вакилларига қарши драматик баҳснинг қўшимча бўлимларида Давид Трезеге киритган гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Ўшандан бери Франция термаси ҳар қандай мусобақанинг асосий фаворитлари қаторида тилга олинади. 2006 йилги жаҳон чемпионатида улар саккиз йил олдин қилган ишларини қайтаришлари ҳам мумкин эди. Аммо Бразилия ва Португалияни ярим йўлда қолдириб кетган Раймон Доменек шогирдлари Италияга реванш олиш имкониятини тақдим этишди. Зиданнинг Матераццига калла қўйиши билан машҳур бўлган ўйин пеналтилар серияси билан якунланди. Олти йил олдин қўшимча бўлимда гол киритган Трезеге бу сафар антиқаҳрамон вазифасини бажарди ва ўн бир метрлик нуқтадан гол уролмади.
Янги авлод
10 йил ўтиб янги авлод билан Европа биринчилиги финалига қадар етиб келган французлар Сантуш бошлиқ Португалияга имкониятни бой бериб, кумуш медал билан кифояланишди. Бугунги Франция терма жамоаси экспертлар томонидан ҳар қачонгидан-да кучлироқ дейилмоқда. Ёшлар ўртасида ўзини кўрсатган Пол Погба, Килиан Мбаппе, Усмон Дембеле каби футболчилар ўз истеъдодини Россия майдонларида ҳам кўрсатиши кутилмоқда.
Асосий юлдуз
Жамоа таркибидан асосий юлдузни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин, аммо Дешам талаблари билан ҳисоблашсак, Антуан Гризман бошқалардан бир қадам олдинда эканлигини кўрамиз. Аввало Гризман икки бора катта мусобақа финалида тўп сурди. Ҳар сафар Пиреней яримороли вакиллари уни мусобақа ғолиби бўлишдан мосуво қилишди. Европа чемпионлари лигаси ҳамда Европа чемпионатида ажойиб голлари ва шерикларига кенг зоналар яратиб бериш орқали Гризман бутун жамоани финалгача етаклаб борди.
Гарчи Гризман фаолиятининг катта қисми «Реал Соседад» сафида ўтган бўлса-да, унинг чўққига чиқиши Мадриднинг «Атлетико»сида содир бўлди. Унинг профессионал ўсиши, футболга бўлган муносабати, етакчилик хусусиятлари ва спортдаги истеъдодининг катти қисми мураббий Диего Симеонега боғланади. Аргентиналик мураббий унинг истеъдодини сезгач, унга кенг имконият яратди ва майдонда тортинмасликни ўргатди. Натижада чемпионлар лигасида «Барселона» ва «Бавария»га киритилган ҳал қилувчи голлар, тўпурарлик баҳсида Месси ва Криштиану билан беллашиш унинг дунё футболидаги ўрнини бир неча поғона кўтарди. Аммо бошқа кўпгина футболчилар қатори унинг юлдузли даври ҳам Криштиану ва Лионел даврига тўғри келгани ва кўпинча уларнинг соясида қолиб кетиши ачинарли ҳол.
Гризманнинг яна бир жиҳати – клубга содиқлиги. Даҳшатли шартномалар ва миллионлаб евролик таклифлар унинг футбол гигантлари сафига ўтиши учун етарли бўлмади. У «Атлетико»га ФИФА томонидан қўлланган трансфер тақиқи вақтида ҳам ўз фойдасини ўйлаб, бошқа жамоа сафига ўтиб кетмади. Аммо клуб имкониятлари ва футболчининг шахсий амбицияси ўртасидаги тафовут унинг бошқа клубга ўтиши борасидаги миш-мишлар кўпайишига замин яратмоқда. Бир неча йилдан буён тинмай келаётган «Барселона» ва «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқ гап-сўзлар ҳамон натижа бергани йўқ. Бўлажак чемпионат Гризман учун янги имконият. У юлдузли шериклари билан ўзининг бор имкониятини кўрсатиши мумкин.
Саралаш баҳслари
Питердаги қуръа Францияни «А» гуруҳига жойлади. Гуруҳдаги рақибларга қараб кўпчилик «учранглилар» муваффақиятига шубҳа қилмаган эди. Аммо илк ўйиндаги қоқилиш кўпчилик учун кутилмаган бўлди. «Борисов-арена»даги ўйинда Беларус терма жамоаси дарвозасига йўл топа олмаган французлар кейинги тўртта ўйинда ғалаба қозонишди. Рақиблар орасида авлодлар алмашинувини бошдан кечираётган Ҳолландия ва Христо Стоичков давридан буён ўзига кела олмаётган Болгария терма жамоалари ҳам бор эди. Погба ва Пайетнинг голлари эвазига «Стад де Франс»даги шведларга қарши баҳс ҳам ғалаба билан якуни етди. Бироқ жавоб ўйинида «викинглар» бугунги қаҳрамонларимизнинг ғалабали сериясига якун ясади. Дешам шогирдларининг ўз уйида Люксембург билан дуранг ўйнаши ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. Унга аталган кулгили мемлар УЕФАнинг расмий твиттеридан ҳам ўрин олгани натижанинг ўта кутилмаган эканлигидан далолат берарди. Унгача эса Ҳолландияни «янчиб ташлаган» французлар кейинги ўйинларда етарлича очко жамғаришди ва биринчи ўрин билан жаҳон чемпионатига йўлланма олишди.
Сўнгги бешта ўйин
№ |
Сана |
Рақиб |
Ҳисоб |
Гол муаллифлари |
Шаҳар |
1 |
2017 йил 10 ноябрь |
Уэлс |
2:0 |
Гризман, Жиру |
Париж |
2 |
2017 йил 14 ноябрь |
Германия |
2:2 |
Ляказет 2 та |
Кёльн, Германия |
3 |
2018 йил 23 март |
Колумбия |
2:3 |
Жиру, Лемар |
Париж |
4 |
2018 йил 27 март |
Россия |
3:1 |
Мбаппе 2 та, Погба |
Санкт-Петербург, Россия |
5 |
2018 йил 28 май |
Ирландия |
2:0 |
Жиру, Фекир |
Париж |
Рақиблар
Декабрь қуръасида «С» гуруҳидан ўрин олган «учранглилар» Дания, Перу ва Австралия вакиллари билан тўқнаш келадиган бўлди.
Гуруҳдаги энг кучли жамоа билан сўнгги турда учрашадиган французлар унгача «плей-офф» масаласини ҳал қилишининг эҳтимоли катта. Аммо Саудия Арабистонини жаҳон чемпионатига олиб чиқиб, Австралия билан Россияга келадиган бош мураббий Берт ван Марвейк ҳамда чемпионатнинг сўнгги йўлланмаси эгаси Перу терма жамоаларини аввалдан аутсайдерлар сафига қўшиш нотўғри.
«Учранглилар» австралияликлар билан жаҳон биринчиликларида тўқнаш келишмаган. Бироқ чемпионатлар арафасидаги учта назорат учрашуви ва 2001 йилги Конфедерациялар кубогидаги баҳслар мазкур жамоалар қарама-қаршилигини бойитиб турибди.
Франция ва Дания терма жамоалари 8 марта учрашган. «Евро-1984»да «учранглилар» кичик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, данияликлар қасоси машҳур «Евро-1992»да рўй берган – 2:1. Қизиқ жиҳати, мазкур жамоалар 1998 — 2002-йиллардаги 3 та йирик халқаро мусобақада тўқнаш келишган. 1998 йилги жаҳон ва 2000 йилги Европа чемпионатида Данияни ўйиндан ташқарида қолдирган французлар узоқ шарқдаги чемпионатда рақибларига имкониятни бой беришган.
Яқинлашиб келаётган чемпионатда «учранглилар» ва «инклар»нинг илк тўқнашувига гувоҳ бўламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter