Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега ҳамма Америкага учади?

Нега ҳамма Америкага учади?

Фото: «Valleywag.gawker.com»

Пол Грэм — америкалик тадбиркор, эссенавис, дастурчи. Дастурлаш бўйича китоблар ёзган. Кейинчалик «Yahoo Store»га айлантирилган «Viaweb» дастурий таъминоти муаллифларидан бири.

«BusinessWeek» журнали 2008 йили Пол Грэмни интернетдаги энг нуфузли 25 инсон рўйхатига киритган.

Сизга Пол Грэмнинг «Нега стартаплар Америкада тўпланади» («Why Startups Condense in America») эссесидан қисқартирилган таржимани тақдим этяпмиз. Унда «Нега дунёнинг энг зўр дастурчилари, ахборот технологияси соҳаси билимдонлари айнан АҚШга интилишмоқда?»  деган саволга баҳолиқудрат жавоб топишга уринган муаллиф ўз шахсий қарашлари, кузатувлари, тажрибаси билан ўртоқлашади.


Стартаплар кластерлар (ўзаро боғланган ташкилотлар — компаниялар, корпорациялар, университетлар, банклар ва ҳоказо) томонидан ташкил этилади. Бундай кластерлар «Кремний водийси» ва Бостонда саноқсиз, Чикаго ва Майамида озроқ. Стартапларни рағбатлантириш яхши, бироқ улар пайдо бўладиган муҳитни яратиш бундан ҳам муҳим.

Бу муҳитнинг рецепти оддий — шаҳардан унча узоқ бўлмаган ажойиб университет. Агарда бундай шароит АҚШда яратилса, стартаплар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ҳамма ёқни босиб кетади. Бошқа мамлакатларда-чи? Уларда ҳам «Кремний водийси»ни барпо этса бўладими?! Ҳа, албатта, ҳатто ортиғи билан. Бироқ... бунинг учун аввалига нега стартаплар нуқул Америкага интилади, деган саволга жавоб бериб кўрайлик-чи.

Муҳожирлар учун йўллар очиқ

Агарда Калифорниядагига ўхшаш «Кремний водийси»ни Японияда қуришмоқчи дейишса — ишонмасдим. АҚШнинг ғарбида — Сан-Франциско ва Сан-Хосе оралиғида яшовчиларнинг ярми инглизчада акцент билан гапиради. Нимага шама қилаётганимни тушунгандирсиз, японлар эса иммиграцияга қарши. Демакки, улар қуражак «Кремний водийси»да фақат японлар яшайди. Бир нарсага аниқлик киритиб олайлик, «Кремний водийси» — ақлли ва юксакликка интилган инсонлар учун. У ерга ҳеч кимни киритмасдан ҳеч нарсани қуриб бўлмайди.

Мамлакат бой бўлса

Вақти келиб америкаликларнинг «Кремний водийси»га росмана рақобатчи Ҳиндистонда пайдо бўлса эҳтимол. Бу мамлакатда билимдон мутахассислар жуда кўп, Америкадаги «Кремний водийси»да жуда кўп ҳиндлар ишлайди. Ҳиндистоннинг муаммоси шундаки, ҳамон қашшоқлари кўп.

АҚШ кўчалари ҳеч қачон қашшоқлар билан тўлиб-тошмаган. Океанортида қашшоқликдан бир   йўла ривожланган ахборот технологиялари жамиятига ўтиш тажрибаси ҳам йўқ. Бу тушунчалар бир-бири билан чиқишиб кета оладими, яъни «кремний водийлари» яратиш учун муайян бошланғич фаровонлик даражаси керак бўладими? Мана шу савол очиқ қолмоқда.

Эркинлик керак

Ўз «Кремний водийси»ни барпо этишни истаётган мамлакатлардан бири бу, шубҳасиз, Хитой.

Улар чет элларда ўйлаб топилган товарларни ўзларида ишлаб чиқаришга зўр беришган, аммо бевосита ғоялар устида ишловчиларни ҳам жалб этиша олишармикан?! Чет эллик мутахассислар бу мамлакатда қанчалик эркин фикрлай олишади? Тасаввур ноодатий ғояларни туғдиради, ғайриодатий технологик ғоялар эса ҳаммага ҳам бошида бошда маъқул келавермайди. Хитойликларга-чи, маъқулмикин?!

Америка университетлари яхшироқ

«Кремний водийси»ни барпо этиш учун жуда яхши университетлар керак — Америка Қўшма Штатлардан ташқарида уларнинг сони ҳозирча кўп эмас. Европанинг энг нуфузли университетлари қайсилар? Ўзим танийдиган профессорлардан сўрасам: «Кембриж», — дейишди, уёғига ўйланиб қолишди...

Тан олайлик, АҚШ университетлари билан беллаша оладиган хориж университетлари жуда кам (айниқса, техника йўналишида). Нега?

Айрим мамлакатларда бу мақсадли сиёсат маҳсули. Германия ва Голландия ҳукуматлари ўз мамлакатларидаги барча университетларда таълим даражасини тенглаштиришга уринишмоқда. Оқибатда нима бўляпти? Энг яхши ўқитувчилар турли университетларга сочиб юборилган (ҳамма таниқли профессорлар бир жойда тўпланган АҚШ университетларидан фарқли ўлароқ). Умуман олганда-ку ёмон эмас, бироқ маълум бир йўналишда кучли билим олишга интилганлар қаерга боришлари керак?! Чет элларда ном қозонган немис университетларини санаб бера оласизми? Ахир XX асрнинг 30-йилларигача дунёдаги энг зўр университетлар Германияда эди.

Америка университетлари ўртасидаги рақобатнинг асосий сабабларидан бири шуки, уларнинг аксарияти хусусий. Бу жиҳатни алоҳида эътиборга олиш керак.

Меҳнат қонунлари — стартапларга зидми?

Аҳолининг бандлигини таъминлаш масаласи — ўйлашимча, Европада стартаплар тузиш йўлидаги катта тўсиқлардан бири бўлиб турибди. Меҳнат тўғрисидаги ўта қаттиққўл қонунлар компаниялар фаолиятига таъсирини ўтказмай қолмаяпти, масалан, ходимни ишдан бўшатиш билан боғлиқ жараёнлар ортиқча даромади бўлмаган стартаплар учун оғир масала. Чунки уларда ҳар ким ўз ишини қойиллатиб бажариши шарт.

Аммо гап бунда ҳам эмас. Биламизки, барча соҳалар ва мамлакатларда ишлаб чиқариш унумдорлиги ва иш ўрни барқарорлиги ўртасида пропорционал боғлиқлик бор. Биламизки, масалан, ҳар бир фильм суратга олинганидан сўнг актёрлар ва режиссёрлар «ишдан бўшатилади», шунинг учун ҳам ҳар сафар улар борини бериб ишлашади. Профессионал спортчилар ҳам икки-уч сафар кетма-кет ёмон ўйнашса, захира ўриндиғида қолиб кетишларини яхши англашади. Энди танганинг иккинчи томонига қарайлик, масалан, қонунчиликка кўра АҚШда ҳайдовчилар, ўқитувчилар, амалдорларни ишдан бўшатиш деярли мумкин эмас. Бу ерда ишлаб чиқариш унумдорлиги ва барқарорлик ўртасидаги боғлиқлик шунчалик аёнки, уни фақат кўзни юмибгина кўрмаслик мумкин.

Меҳнат унумдорлиги муҳим эмас дедингизми? Унда ҳайдовчилар ва ўқитувчилар актёр ва спортчилардан бахтлироқ эканда?!

Тош-тарози

Агар бизнес қонунлар билан боғлаб ташланаркан, билингки, янги туғилаётган стартаплар оёқ-қўлини ҳам боғлаб ташлаган бўламиз. Ахир стартапчилар аксарият қонунларни билишмайди, уларни ўрганишга, тўғриси, вақтлари ҳам йўқ.

Аксарият стартаплар бизнес юритиш қонунга зид шароитда пайдо бўлган. Масалан, «Hewlett-Packard», «Apple» ва «Google»нинг биринчи офислари гаражлар эди. Айримлар эса бевосита муассисларнинг квартираларида ишлашарди. Тасаввур қилинг-а, Ҳюлетт билан Паккард Швейцарияда яшашганида ва ўз гаражларида электроника йиғишга киришганида маҳаллий ҳокимиятга қўшни кампирдан тушган шикоят сабабли уларнинг фаолиятига нуқта қўйилган бўларди.

Аммо энг катта муаммо — компанияни таъсис этишга кетадиган маблағ. 90-йиллар бошларида ўз ишини бошлаган германиялик дўстим не кўз билан кўрсинки, фирмани рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган бошқа талаблардан ташқари, устав капитали учун 20 000 доллар киритиши керак экан. Нега мен ушбу мақолани «Apfel» («Apple»нинг немисча талқини) ноутбугида ёзмаётганимнинг сабабларидан бири ҳам шу. Жобс ва Возняк бунча пулни топиша олмасди: уларнинг компанияси эски «Volkswagen» микроавтобуси ва «HP» калькуляторини сотишдан молиялаштирилган.

Хорижга чиқиш шарт

Стартапнинг тақдири кўп жиҳатдан дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқишга боғлиқ. Уч юз миллиондан ортиқ аҳолига эга АҚШда маҳсулотни пуллаш осонроқ, бироқ, масалан, Швецияда фақат ички бозор билан чекланиш наф бермайди. Кичик мамлакатларда юзага келаётган стартаплар зиммасидаги юк залворлироқ: уларда албатта ташқи бозорга чиқиш режаси бўлиши шарт.

Европа иттифоқининг тузилиши қисман шу мақсадларга: ягона улкан ички бозорни шакллантиришга хизмат қилиши керак эди. Бироқ муаммо шундаки, ЕИ аъзолари турфа тилларда сўзлашади.


Маълумот ўрнида

  • Ҳар ойда АҚШда ярим миллионта янги стартап пайдо бўлади.
  • АҚШда бизнесни йўлга қўйиш учун 6 кун кетади.
  • Статистикага кўра, компанияларнинг 18 фоизи биринчи уринишдаёқ оёққа туриб кетади, стартапларнинг 69 фоизи эса камида икки йил «яшайди».
  • АҚШда стартаперларнинг 82 фоизи лойиҳаларига ўзларининг, оиласи ва дўстларининг сармояларини тикишади. 16 фоиз ҳолатда банкларга, 2 фоиз ҳолатда бошқа манбаларга мурожаат қилинмоқда.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг