«UzAuto Motors»да ишлаб чиқариш амалиёти — ёш ва иқтидорли талабалар учун янги имкониятлар эшиги (видео, фото)
Ҳар йили, «UzAuto Motors» АЖ Асака филиалида Фарғона водийсидаги олий ўқув юрти талабалари, касб-ҳунар мактаблари ва коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўташади.
Талабалар корхона фаолияти билан яқиндан танишишади, касб-ҳунар мактаблар, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш жараёнининг аниқ йўналишлари бўйича ва олий ўқув юрти талабалари эса ўз амалиётини ихтисослаштирилган бўлимларда малакаларини оширишади.
Жорий йилда Тошкент Турин политехника университети, Андижон Машинасозлик институти, Тошкент Ахборот технологиялари университети, Фарғона Политехника институти, Тошкент Кимё-технология институти ва бошқа олий ўқув юртларидан жами 1 000 нафардан ортиқ талаба ва касб-ҳунар мактаблари, коллеж ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ўташ орқали малакаларини оширмоқдалар.
Талабалар корхонанинг энг муҳим бўлимлари – ишлаб чиқариш, логистика, харид, сифат, муҳандислик маҳсулотлари бошқармаси, технология ва техник хизмат кўрсатиш, молия ва ҳужжатларни назорат қилиш бўлимлари фаолияти билан яқиндан танишишади.
Касб-ҳунар мактаблар ва коллеж ўқувчилари пресслаш, пайвандлаш, бўёқлаш, йиғув цехлари ва таъминот тизимларида ишлаб чиқариш амалиёти ўташади.
«UzAuto Motors» АЖ корхонасида талабалар учун амалиёт оддий расмиятчилик эмас, балки муҳим бир давр эканлигини ишонч билан айтиш мумкин. Амалиётчиларнинг аксарияти корхонада ишлашни ҳоҳлашади. Агар талабалар амалиёт даврида ўз маҳоратини яхши кўрсатиб, вазифаларини аъло даражада бажарсалар, улар корхонада истиқболли ходимлар заҳирасида номзод сифатида шакллантирилади. Шу сабабли ҳам кўплаб талабалар амалиётга масъулият билан ёндашишади.
Ўз навбатида, компания ҳам амалиётчилар учун барча шарт-шароитларни яратиб беради. Бўлажак мутахассислар озиқ-овқат, транспорт, махсус кийим билан таъминланади. Муайян участкаларда, цех ва бўлимларда амалиётини ўтаган талабаларга бажарган иши учун ойлик маош тўланади.
Корхона раҳбарияти амалиётчи талабаларнинг келажакдаги касбий истиқболи ва иқтидорини баҳолаб боришади. 2020-2021 йиллар мобайнида компания 191 нафар ёш мутахассисни ишга жалб қилди. Уларнинг ярмидан кўпи ўз вақтида корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган.
Ёш мутахассислар амалиёт орқали келажакдаги фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини яхшироқ тушуниш, ўрганиш шунингдек, амалиёт давомида маош олиб пул ишлашга ва энг асосийси ўқишни тамомлаб, «UzAuto Motors» АЖ корхонасига ишга жойлашиш имкониятига эга бўлишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter