Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Togg электромобилининг илк эгалари қуръа орқали аниқланади

Togg электромобилининг илк эгалари қуръа орқали аниқланади

Туркия жорий йил охирига қадар Togg T10X русумли миллий автомобилдан 28 минг дона ишлаб чиқаради. Бу ҳақда саноат ва технология вазири Меҳмет Фатиҳ Кажир маълум қилган.

Миллий автомобиль хариди учун 175,5 минг ариза келиб тушган бўлиб, маҳсулотнинг илк эгалари қуръа орқали аниқланади. Талабгорлар ортгани сабабли завод йил якунига қадар 20 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режасини 28 мингга оширган.

Август ойининг биринчи ярмида 909 киши электромобиль калитини қўлга киритган. Мамлакат кўчаларида ҳаракатланаётган миллий уловлар сони эса 2000 дан ошган.

Туркия молия ва ғазначилик вазири Меҳмет Шимшек ҳам функциялари 90 фоиз автоматлашган машина ишлаб чиқарилишини улкан ютуқ деб атаган.

Туркия 2018 йилдан миллий автосаноатни йўлга қўйиш борасида жиддий қадам ташлади. Ўша йили мамлакат президенти фармони билан Турк автомобили ташаббус гуруҳи (TOGG) тузилди. Беш саноат гиганти – Anadolu Group, BMC, Kök Group, Turkcell ҳамда Zorlu Holding миллий автомобиль саноатини йўлга қўйиш учун чора-тадбирлар кўришга киришди.

2020 йил 18 июлда Бурса вилоятининг Гемлик туманида завод тамал тоши қўйилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон автозавод бунёд этилишини 60 йиллик орзунинг рўёбга чиқиши деб баҳолаган.

1,2 миллион квадрат метр майдонни эгаллаган заводда 5 турдаги енгил машина ишлаб чиқариш кўзда тутилган. 2023 йилнинг биринчи чорагида илк маҳсулот сотувга чиқарилди. Кейинроқ Sedan, Hatchback, B-SUV, C-MPV каби автоуловлар харидорларга етказилади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични бир миллион донага етказиш мақсад қилинган.

Туркия президенти Р.Т.Эрдўғон Кожаэли вилоятидаги полигонга ташриф буюриб, мамлакатнинг илк электромобилини шахсан синовдан ўтказган. 

Аввал хабар берганимиздек, Эрдўғон Togg русумли автомобилларнинг илк намунасини Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга туҳфа қилган. Ш.Мирзиёев турк электромобили рулига ўтириб, уни ҳайдаб кўрган.

Туркия миллий маҳсулотининг дастлабки намуналари, шунингдек, БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга ҳам тақдим этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг