Сергелидаги «бардак»: ўз ҳудудига сиғмаётган машина бозори қачон кўчирилади? (фото)
Ҳар шанба ва якшанба келиши билан Сергели машина бозори ёнидан ўтувчиларнинг ҳам, шу атрофда яшовчиларнинг ҳам юраги безиллай бошлайди. Бу ерда ўша кунлари «хаос» юзага келади. Муаммо бозорни кўчирмай туриб, ҳал қилиб бўлмайдиган даражага етган.
Янги уй-жойлар қурилиши ҳисобига аҳолиси зичлашиб кетган туман ҳудудида жойлашган йирик автомобиль бозори, афсуски, ортиқча тирбандликларга сабаб бўлиб, аҳолига қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.
Йилдан-йилга бозор атрофи жиддий тартибсиз ҳудудга айланиб бормоқда. Унинг ҳозирги талабларга жавоб бермаслиги, ҳудуди торлик қилаётганидан аҳоли жабрланмоқда. Авваллари ҳудудда бир нечта автотураргоҳлар мавжуд эди.
Бу ерлар «дом» қуришга бериб юборилганидан кейин бозор яқинидаги маҳаллалар кўчалари, айниқса шанба-якшанба кунлари бозорга келувчи ўн минглаб машиналар учун тартибсиз автотураргоҳга айланади.
Кўчалардаги «бардак» туфайли одамлар ўз уйларидан чиқа олмай қолади, уйларнинг дарвозалари олдигача машиналар қўйиб кетилади. Беморларга чақирилган тез ёрдам машиналари ҳам бу тартибсизлик туфайли манзилига тезкор етиб кела олмайди.
Бир неча йилдан буён Тошкентдаги Сергели машина бозори кўчирилиши ҳақида гап сўзлар юради.
Дастлаб Сергелидаги автомобил бозори Тошкент вилоятининг Чиноз туманига кўчирилиши режалаштирилгани айтилган эди. Бироқ, Чиноз туманида бозорга айлантирилиши керак бўлган ҳудуд талабга жавоб бермаганлиги боис, бозорни кўчириш қолдирилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 июль куни Сергели туманига ташрифи доирасида бозорни кўчириш масаласи биринчи марта муҳокама қилинган эди.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 май куни Сергели ва Зангиота туманларига бўлган ташрифи давомида бу масала яна кўтарилади ва масъулларга топшириқлар берилади.
Ўтган йиллар давомида муаммо жиддийлашса-жиддийлашдики, бартараф бўлгани йўқ.
Ҳолат шу даражага етдики, бозор ўз ҳудудидан ташқарига чиқиб, харидор ва сотувчилар йўл бўйида, маҳаллалар ичида савдо қилишмоқда. Намангандан автоуловини сотишга келганини айтган сотувчилардан бири бозорда жой қолмагани учун кўча юзида савдо қилишдан бошқа чораси йўқлигини билдирди.
Ҳудудда бақир-чақир, тортишувлар авж олмоқда. Айримлар автомобиллари ойнасини ёки бошқа қисмларини алмаштириб, чиқинди ва ахлатларини шундоқ одамларнинг эшиклари тагларига, йўл юзларига ташлаб кетишмоқда.
Масала бўйича Сергели тумани, Қут-барака МФЙ аҳолиси Тошкент шаҳар ҳокимига мурожаат қилган. Аммо мурожаат жиддий ўрганилишига уларда ишончи йўқ, ҳолат қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетишидан хавотирда.
Бозорга пойтахтдан ташқари, вилоятлардан ҳам юзлаб, балки минглаб автомобилларнинг кириб келиши ҳисобга олинса, бу ер энди торлик қилади. Эҳтиёт қисмлари бозори ўз ўрнида қолса ҳам, машина бозорини кўчирмасдан туриб ҳолатни ўнглаш имконсиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter