Рамазон ойида маст ҳолда рулга ўтирган 2 мингдан зиёд ҳайдовчи қўлга тушди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизматининг ЎзАга хабар беришича, 21-27 май кунлари республика автомобиль йўлларида 142 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 136 фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олган.
Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 75 минг 967 қоидабузарлик аниқланган. Уларнинг 41 минг 845 тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. Жумладан, 1 минг 232 ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 13 минг 969 ҳайдовчи белгиланган тезлик талабига амал қилмаган, 1 минг 101 ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасини бузган.
Шунингдек, хабарда одам ташиш қоидасини бузган 11 минг 938, транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган 373, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 805 ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 15 минг 340 ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилгани айтилган.
Бутун дунё мусулмонлари учун муборак саналган Рамазон ойи 17 майдан бошланди. Бу ой халқимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланади. Шунга қарамай Рамазон ойида ҳам ҳайдовчиларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, автомобиль бошқарувига ўтириши ачинарлидир. Рамазон ойининг ўтган 11 куни давомида ЙПХ инспекторлари томонидан 2 минг 26 ҳайдовчига шу каби ҳуқуқбузарликлар учун чоралар кўрилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter