Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда йилига 15-25 мингта электромобил ишлаб чиқариш мумкин — мутасаддилар

Ўзбекистонда йилига 15-25 мингта электромобил ишлаб чиқариш мумкин — мутасаддилар

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу йил 10 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев электромобил тармоғини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишган эди. Унда берилган топшириқлар асосида юртимизда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қувватлаш станцияларини кўпайтириш бўйича таклифлар тайёрланди.

Президент ҳузурида ўтказилган навбатдаги йиғилишда ушбу таклифлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, мутасаддилар тармоқда ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида фикр билдиришган. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобилларни утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, жиҳозлари, хомашё материалларини божхона божидан озод этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ йўлга қўйилгунча инвесторларга муайян миқдордаги электромобилларни имтиёзли шартлар асосида олиб киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда.

Давлат раҳбари аввалги тақдимотда аҳоли ўртасида электромобиллар оммалашиши учун унинг харидини рағбатлантириш зарурлигини айтган эди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон электромобилларини сотиб олиш учун олинадиган кредит фоизларининг маълум бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилмоқда. 2023–2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади.

Электромобил ишлаб чиқариш учун керакли хомашёлардан бири мис. Юртимизда мис кластерлари ташкил этилмоқда. Бундан фойдаланиб, ушбу кластерларда электромобиллар ва қувватлаш станциялари учун бутловчи қисмлар тайёрланади.

Кадрлар масаласи ҳам жуда муҳим. Шу боис Турин политехника университети ҳузурида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни ривожланган давлатларга малака оширишга юбориш режалаштирилган.

Йиғилишда мутасаддилар ушбу чора-тадбирлар натижасида республикамизда йилига 15-25 мингта электромобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинлигини қайд этишди.

Давлатимиз раҳбари бу йўналиш автомобилсозликда рақобат яратиши кераклигини таъкидлади. Берилаётган имкониятларни соҳага қизиқиш билдирган ишбилармонлар билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр ва таклифлари асосида имтиёзларни янада кенгайтириш, тармоққа тадбиркорларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг