Cаудияда илк миллий электромобиль бренди тақдим этилди
3 ноябрь куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон «Ceer» деб номланган илк миллий электромобиль брендини тақдим этди. Автомобиль ширкати нафақат подшоҳлик, балки Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Африка давлатлари учун маҳсулот ишлаб чиқариши кўзда тутилган.
«Саудия Арабистони шунчаки янги автомобиль брендини яратаётгани йўқ. Биз янги саноат йўналиши ва экотизимга асос солмоқдамиз. У халқаро ва маҳаллий сармояни жалб этиши, маҳаллий иқтидор эгаларини иш билан банд қилиши, хусусий секторни қўллаб-қувватлаб, Саудия Арабистони ЯИМни ошириши кутилмоқда», – деди шаҳзода Муҳаммад бин Султон.
Қайд этилишича, янги лойиҳа «Нигоҳ–2030» cтратегиясига мувофиқ, Давлат сармоя жамғармасининг иқтисодий ўсишни рағбатлантириш дастури доирасида амалга татбиқ этилмоқда.
Автозавод подшоҳликнинг иқлим ўзгаришларига қарши кураш, жумладан, атмосферага заҳарли моддалар чиқаришни камайтириш мақсад-мўлжалларига ҳам мос келади.
«Ceer» ширкати дастлабки босқичда хориждан 150 миллион доллар сармоя жалб этиб, 30 минг иш ўрни яратиши режалаштирилган. Таҳлилчиларга кўра, завод 2034 йилга бориб Саудия ЯИМга 8 миллиард доллар миқдорида улуш қўшади. Лойиҳа Тайваннинг «Foxconn» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
2025 йилда сотувга чиқиши кутилаётган автомобиллар халқаро стандартларга мувофиқ сифат ва хавфсизлик кўригидан ўтказилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter