Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги йил откриткаларини чизган Владимир Зарубиннинг тақдири

Янги йил откриткаларини чизган Владимир Зарубиннинг тақдири

Қорқиз олмохонни конфет билан сийлайди, айиқча ва қуён фил боласига чанғида учишни ўргатади, типратикан олма тўла саватни орқалаб кетмоқда... 1960-1990 йиллар янги йил байрами болаликда Владимир Зарубиннинг откриткаларисиз ўтмаган.

Откриткага чизилган барча қаҳрамонлар бахтли, жилмайган, қувноқ. Аммо янги йилга қувноқ шукуҳ бағишлаган рассомнинг ҳаёти маҳзун ўтганини ҳамма ҳам билмаса керак.

 Владимир Зарубин 1925 йилда Орел вилоятидаги Aндрияновка қишлоғида туғилган: у оилада учинчи фарзанд эди. Катта ўғил Вениамин техник асбоб-ускуналар билан шуғулланишни яхши кўрарди, ўртаси Aндрей шеър ёзган, Володя эса чизишни яхши кўрарди. Беш ёшли рассомнинг биринчи иши катталарни қувонтирди: албом варағида думи тагидан «олма» тўкилиб югураётган от тасвирланганди. Расм қўлдан-қўлга ўтди, болани мақташди ... Бу иккала мавзу – ҳайвонлар ва ҳазил, қувноқлик Зарубин ижодида абадий мавзу бўлиб қолди.

 

Володянинг болалиги бахтли эди: оилада ҳамма бир-бирини ҳурмат қиларди. Ота-она фарзандларининг ҳар қандай уринишларини қўллаб-қувватладилар. Aммо 1941 йилда бахтли ҳаёт ҳақидаги эртак тугади: уруш бошланди. Aка-ука Зарубинлар биринчи марта ажралишди: Aндрей ва Вениамин фронтга кетишди, Володя фронт ортида душман томонидан ишғол қилинган ҳудудда қолди. Бу ҳақиқий жаҳаннам эди: йигит қийноқларни, ўлимни ва бошқаларнинг азобларини етарлича кўрди ва ўзи ҳам жуда кўп ҳақоратларга дучор бўлди. У деярли ўлди: фақат мўъжиза туфайли Зарубин отиб ташланмади. 1945 йилда барча маҳбуслар америкаликлар томонидан озод қилинди.

Владимир уйига қайтиб, заводга ишга кирди. Кечки мактабга, кейин университетга борди. Ва, албатта, у чизишни давом эттирди. Тез орада Зарубин завод рассоми бўлди, лекин унинг меҳнат дафтарчасида ҳамма касб-ҳунар бор эди – у навбатчи бригадир, ректор, механик, ҳатто... кран машинисти ҳам эди. Бир куни у бир эълонни кўриб қолади:  «Союзмултфилм» студияси аниматор курсларига талабаларни жалб қилмоқда»

Владимир ҳеч иккиланмасдан заводни тарк этди. Тез орада у бутунлай бошқача ҳаётни бошлади.  

 Зарубин 103 та мултфилм чизди. «Маугли»нинг кўп қисми унга тегишли, «Бремен мусиқачилари» филмидаги детективни ихтиро қилган ва тасвирлаган ҳам Владимир эди. Машҳур «Сеними шошмай тур!» мултфилми Зарубиннинг иштирокисиз бўлмаган.

Зарубиннинг муваффақиятлари «Союзмултфилм»да бир неча бор қайд этилган: у энг яхши аниматорлардан бири ҳисобланган. Кейинчалик Владимирнинг ўғли эслайди: Отаси бутун кучини севимли ишига бағишлаган бўлсада, аммо иш жуда қийин эди. Зарубин икки ўт орасида яшашга мажбур эди.

Бир томондан, Зарубин ўз оламига эга ижодий одамлар қуршовида бўлса, бир томондан режалар ва қоидалар унинг тинкасини қуритарди – стол усти доимо  буюртмалар билан тўлиб-тошган. Яна унинг устига студиядаги юқори мартабали ота-оналарнинг истеъдодсиз болалари...

 Владимир деярли тасодифан откриткалар чизишни бошлади. Карикатурачининг режалари ва қатъий муддатлари билан асабий ҳаёти уни чарчатди. Рассом унга ўзи севган нарса билан шуғулланишга ва шу билан бирга қийин ишдан чалғитишга имкон берадиган севимли машғулотни бошлашга қарор қилди. Aввалига у «Тимсоҳ», «Бола» учун иллюстрациялар яратди.

Зарубиннинг биринчи откриткаси 1962 йилда кўплаб машҳур совет маркалари муаллифи Юрий Ряховский томонидан таҳрир қилинган. Ўшандан бери Владимир шундай яшади: кундузи у «Союзмултфилм»да ишлади, кечаси у ўзининг қуёнларини, аёзбобони ва олмохонларини ихтиро қилди ва чизди. Откриткаларнинг мафкуравий мувофиқлигини аниқлайдиган комиссия аъзолари кўпинча Зарубиннинг ишидан ҳайратда қолишган.

Чизмалар доимо социалистик реалистик нуқтаи назардан таҳлил қилинган: «Ўрмонда «Вой!» деб қичқираётган айиқни қаерда кўргансиз? Итлар икки оёқда юрадими? Aлбатта, буни нафақат Зарубин уддаларди, у Корней Чуковскийнинг эртакларига расмлар чиза бошлади... Аммо бу Надежда Крупскаяни ғазаблантирарди... ёзувчи болаларга ҳайвонлар ҳақида гапириш ўрнига, кўчада юрадиган ва одамлар билан гаплашадиган тимсоҳ ҳақида эртак ёзади?!

Социалистик реализм кўплаб ижодкорларга халақит берди, шунинг учун Зарубиннинг откриткалари тез-тез қайтариларди. Шунда Зарубин хафа бўларди. Ахир унинг учун ҳайвонлар тирик, ҳақиқий эди. Бир марта у баҳор картинасини қайта чизишга мажбур бўлди, унда кирпи кирпига муз бўлакчасини узатади. Танқид кулгули эди: «Сиз этик кийган типратиканларни қаерда кўрдингиз?» Кенгаш эълон қилди: ёки пойабзал йўқолади, ёки ушбу суратли откритка сотувга қўйилмайди. Владимир расмни такрорлади, лекин у кирпи учун  ачинди, чунки март ойидаги қорда ялангоёқ туриш жуда совуқ! Рассом эса кирпи музлаб қолмаслиги учун унинг панжаларидан бирини кўтариб тушган ҳолатда чизди...

Aммо оддий одамларни ҳайвонларнинг этикда юриши, чой ичиши ёки совға алмашиши безовта қилмади. Оддий одамлар барча байрамларнинг ажралмас қисмига айланган Зарубиннинг откриткаларини яхши кўришарди. Ҳамма ўз яқинларига самимий тилакларини шундай откриткага ёзиш учун сотиб олишарди. Кўпчилик рассомнинг исмини ҳам билишмасди, лекин  Зарубинга миннатдорчилик хатларини юборган мухлислари ҳам бор эди. У ҳар бирига жавоб берди ва ҳар доим мухлисларига  ёқадиган сўзларни топишга ҳаракат қилди.

Тез орада маълум бўлдики, Зарубин севимли машғулоти ортидан жуда кўп танқид эшитаяпти. Эртак сюжетлари танқидини тинглаш унинг учун қийин ва ёқимсиз эди. Рассом деярли кечаю кундуз ишлади...1973 йилда Владимир биринчи юрак хуружини бошдан кечирди. Шундан сўнг у «Союзмултфилм»да камроқ пайдо бўлиб, уйида ишлашни афзал кўрди. Ва вақт ўтиши билан у ишдан бутунлай воз кечди  – откриткалар ва почта миниатюраларига ўтди.

90-йиллар рассом учун бошқа дунёнинг бошланиши эди. Ҳаёт тез ўзгариб борарди ва 70 ёшда янги дунёга мослашиш осон иш эмас эди. Зарубин чизишда давом этди: ўзи учун ландшафтлар, даромад учун откриткалар. Унинг ўғли эслайди: отасининг асарларига  талаб бор эди. Зарубин билан ҳамкорлик қилган кичик нашриёт ундан миннатдор эди. Aммо улар охирида рассомга адолатсиз муносабатда бўлишди: улар тўлаши лозим бўлган пулларини бермади ва энди унинг иши ҳеч кимга керак эмаслигини айтишди.

Владимирга бир йил давомида ҳеч қандай пул тўланмади. Рассом уларни кутишдан чарчади, қўнғироқ қилганида эса «Биз сизга бир сўм ҳам тўламоқчи эмасмиз, компания банкрот бўлди!», деган гапни эшитди. Ушбу суҳбатдан сўнг рассом учинчи юрак хуружига дучор бўлди ва хотини, ўғлининг қўлида вафот этди.

Владимир Зарубиннинг бир ярим миллиарддан ортиқ откриткалари чоп этилган. Совет даврида ўсган ҳар бир киши уларни эслайди. Сиз унинг откриткаларига қараганингизда байрамни эслайсиз, болаликни эслайсиз. Олмохонлар жилмаймоқда, қуёнлар қўшиқ айтмоқда, айиқ гитара чалмоқда, аёз бобо ва қорқиз совғаларни тарқатмоқда ...

Зарубин сўнгги интервюларидан бирида таъкидлаганидек, у ўз қаҳрамонларини – ҳайвонларни чизганда, ҳар доим одамлар шу суратлардан меҳрли бўлишни ўрганади, деб умид қилади. Ва, эҳтимол, у бу мақсадга эришди: унинг чизган откриткаларига қараб, биз ҳақиқатан ҳам, ҳеч бўлмаганда бироз яхшироқ бўламиз, меҳрлироқ, қувноқроқ бўламиз.

 

                                                                                       

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг