Венесуэла олтинлари: Англия банки омонатни қайтармоқчи эмас
Халқаро майдонда Венесуэла ва Англия Марказий банки ўртасида даҳанаки жанжал бошланди. Британияда сақланаётган 15 тонна (550 миллион доллар) венесуэла олтинлари томонларни уруштириб қўйди. Венесуэла президенти Николас Мадуро Англия Марказий банкидан олтин ёмбиларни қайтаришни сўраганди. Инглиз банкирлари эса олтин ўрнига рад жавобини (!) беришди.
Британия ҳукумати «пулларни ювиш»га қарши текширув ўтказишни талаб қилди — Каракас тушунтириб берсин, бунча олтинни нимага ишлатмоқчи?
Инглиз матбуоти маълумот тарқатишича, Англия банки Венесуэла ҳукумати олтинларни сотиб юбориб, пулини еб кетишидан хавотирланмоқда.
Расмий рад жавоби газетчиларнинг дадил ва жўн талқинидан фарқланади, албатта, дипломатларнинг «қўли» билиниб турибди — «Бунча олтинни бир ташишда суғурталай олмаймиз».
Англия банки Венесуэла олтин захираларининг салмоқли қисмини бирмунча тез қайтариб берганди. Негаки, оғир иқтисодий инқирозга ботган Каракас охирги йилларда олтин захираларини сотишга мажбур бўляпти. Ҳозиргача 200 тоннадан кўпроғи сотиб бўлинди.
«Олтинни қайтариш операцияси»даги ҳозирги муаммо икки ойча аввал юзага қалқиди. Мадуронинг жон койитишида ҳам жон бор, у Каракасга қарши янги санкциялар қўлланилиши оқибатида қимматбаҳо металсиз қолишдан хавотирда, темирни қизиғида босиб қолмаса бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, Венесуэлага қарши 1 ноябрда АҚШ, 6 ноябрда Европа иттифоқи чекловларни жорий этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter