Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия ва Озарбайжон президентлари «ҳаёт-мамот аҳамиятига эга масала»ни муҳокама қилди

Туркия ва Озарбайжон президентлари «ҳаёт-мамот аҳамиятига эга масала»ни муҳокама қилди

Икки давлат раҳбари Анқарадаги «Чанкая» саройида учрашган.

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

10 март куни Анқара шаҳрида Туркия ва Озарбайжон президентлари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Илҳом Алиев учрашди. Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, матбуот учун ёпиқ тарзда ўтган музокаралар салкам тўрт соат давом этган. Президентлар миллий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилган.

Россия–Украина зиддияти сабаб кейинги кунларда Европани энергия манбалари билан таъминлаш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Негаки, кўҳна қитъа йиллар мобайнида рус нефть-газига боғлиқ бўлиб келган. Дўппи тор келган ҳозирги кунларда эса Европа Россияга энергетик қарамликдан воз кечиб, муқобил манбаларни қидиришга уринмоқда. Бу борада эса Озарбайжон мақбул вариантлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Озарбайжон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, икки туркий етакчи учрашувида айнан энергетика масаласи марказий мавзулардан бири бўлган.

Хусусан, Жанубий газ коридори орқали Туркияга ва Европага газ етказишни кўпайтириш имконияти кўриб чиқилган. Европа минтақа давлатлари билан ҳамкорликда энергетика борасида Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Жанубий газ коридори лойиҳасини амалга оширмоқда. Мазкур йирик лойиҳа Жанубий Кавказ (SCP), Трансанатолия (TANAP) ҳамда Трансадриатика (TAP) каби уч йирик газ етказиш тизимини бирлаштиради. Озарбайжондан Италия қадар, 3500 километрга чўзилган газ қувурлари Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон Озарбайжондан газ етказиб бериш миқдорини кўпайтиришни сўраган ва расмий Боку ҳамкор давлатларнинг ошиб бораётган эҳтиёжини қоплашга тайёрлигини билдирган эди.

Маълумотларга қараганда, 2021 йили Озарбайжон 19 миллиард кубометр табиий газ экспорт қилган. Экспортнинг асосий улуши Туркия (8,5 миллиард кубометр) ва Италия (7 миллиард кубометр) ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, Греция, Болгария, Грузия ҳам катта миқдорда газ сотиб олган.

Туркия ва Озарбайжон президентлари учрашувида Иғдир–Нахчивон газ қувури қурилиши борасида ҳам маслаҳатлашилган. Кунига 1,5 млн кубометр газ экспорт қилиниши кутилаётган ушбу янги газ тармоғи халқаро аҳамиятга эга лойиҳа деб баҳоланмоқда. 

Қорабоғдаги уруш якунида 2020 йил 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия иштирокида уч томонлама битим имзоланган эди. Р.Т.Эрдўғон ва И.Алиев мазкур келишув доирасидаги шартлар бажарилишини ҳам муҳокама қилган. Машваратда Украинадаги вазият ҳам эътибордан четда қолмаган.

Туркия ва Озарбайжон «Бир миллат, икки давлат» ғояси асосида жуда яқин робиталарни ўрнатган. Аввал хабар берганимиздек, икки давлат президенти Озарбайжондаги муҳим объект – Фузулий халқаро аэропортини очиб берган эди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг