Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон» билиб-билмай жинни кўзадан чиқариб юборди

«Толибон» билиб-билмай жинни кўзадан чиқариб юборди

Кобул аэропортида худкуш томонидан содир этилган портлаш оқибатида 180 дан зиёд киши ҳалок бўлди

Фото: AFP/Getty Images

Жорий йил 26 август куни Кобул аэропорти яқинида рўй берган даҳшатли портлаш оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлди. Хунрезлик учун жавобгарликни “Ислом давлати – Хуросон” террорчи ташкилоти ўз зиммасига олди. Хўш, мазкур гуруҳ ҳақида нималар маълум?

ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси саналган “Ислом давлати – Хуросон” (инглизчада IS-K) террор гуруҳи 2015 йил январь ойида ташкил қилинган. Ироқ ҳамда Сурия ҳудудидан қочган ИШИД аъзолари янги гуруҳга асос солган. Жангари тўда, айни чоқда, Афғонистон ҳамда Покистонда ҳам тарафдор йиққан. Террорчи гуруҳ номига тақалган Хуросон – замонавий Афғонистон, Эрон, Покистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Тожикистоннинг айрим ҳудудларини ўз ичига олган тарихий музофотдир.

Кузатувчиларга кўра, “Ислом давлати – Хуросон” шафқатсизлиги ва қонхўрлиги билан тилга тушган. Сўнгги йилларда мазкур жангари гуруҳ томонидан Афғонистондаги мактаб, шифохоналарда мудҳиш терактлар амалга оширилган. Жангарилар нафақат бошқа дин вакиллари, шу билан бирга, шиа мазҳабига мансуб мусулмонлар, шунингдек, “Толибон” ҳаракати вакилларига ҳам ҳамлалар уюштиради. Масалан, жорий йил 8 май куни ИШИДчилар Кобулдаги қизлар мактабида портлаш уюштириб, 70 га яқин ўқувчи қизнинг ҳаётига зомин бўлди. Мутаассиб гуруҳ вакиллари 2020 йил май ойида туғруқхонага ҳужум қилиб, 30 га яқин чақалоқлар, оналар ва тиббиёт ходимларини ўлдирди.

“Ислом давлати – Хуросон” аъзолари Афғонистоннинг Нангарҳар вилоятида қўним топган. Ўз вақтида жангари гуруҳ аъзолари сони 3000 нафарга етган, халқаро коалиция, Афғонистон армияси ва толиблар билан тўқнашувларда гуруҳ сезиларли йўқотишга учраган.

“Толибон” ҳамда “Ислом давлати – Хуросон” мафкуравий жиҳатдан фарқланувчи гуруҳлардир. “Толибон” фақат Афғонистон ҳудудида ҳокимиятни эгаллашни кўзлаган бўлса, ИШИД бўлинмаси бутун дунёда ҳукм юритишни мақсад қилган.“Ислом давлати – Хуросон” гуруҳи толибларни “диндан чиққан”, “муртад” деб ҳисоблайди. АҚШ билан имзоланган тинчлик битимини ҳам тан олмайди. Шу маънода, мазкур гуруҳ “Толибон” ҳаракатининг Афғонистондаги асосий душмани саналади.

Шу билан бирга, ИШИДчилар ҳамда толиблар ўртасида “Ҳаққоний тармоғи” (“Толибон”нинг мустақил ваколатларга эга тузилмаси) орқали мулоқот мавжудлиги айтилади.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг минтақа, жумладан, Афғонистондаги амалиётларида иштирок этган юқори мартабали мулозими Дуглас Лондон фикрича, Афғонистонда халқаро коалиция чиқиб кетгач, ИШИД таҳдиди янада кучаймоқда.

Аслида, АҚШ матбуоти терактлар хавфи ошиши ҳақида Кобулдаги мудҳиш портлашдан бир ҳафта аввал хабар берган эди. Гап шундаки, мамлакат вилоятларини бирин-кетин жангсиз эгаллаган толиблар Пули Чархи қамоқхонасидаги кўп сонли маҳбуслар, шу жумладан, ИШИД ва “Ал-Қоида” жангариларини озод қилган эди. Бағром авиабазасидан ҳам ўта хавфли жангарилар қўйиб юборилган. АҚШ ҳарбийлари мамлакатни тарк этар экан, 5000 дан 7000 минггача маҳбусни Ашраф Ғани маъмуриятига ишониб топширган. Аммо кузатувчиларга кўра, “Толибон” қамоқдаги жангариларни озод қилиш билан, таъбир жоиз бўлса, кўп йиллардан бери биқиниб ётган жинни кўзадан чиқариб юборди. АҚШ мудофаа масъуллари “Аxios” нашрига Афғонистонда теракт хавфи ошганини 15 августдаёқ маълум қилган эди.

Кобул аэропортидаги даҳшатли портлаш ортидан АҚШ ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмасига қарши ҳаво зарбалари йўлламоқда. Жангарилардан қасос олинишини айтган президент Жо Байден Пентагонга аксилтеррор операцияларида катта ваколат берган. Аммо Оқ уй раҳбарининг ўзи ҳам Кобулдаги вазият фавқулодда хатарли эканини тан олиб, яқин соатларда яна худкушлик рўй беришидан огоҳлантирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг