Қозоғистонга АЭС нега керак? Тўқаев жавоб қайтарди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда атом электр станцияси (АЭС) қурилишини тараққиёт талаби деб атади.
«Умумжаҳон тараққиётидан ортда қолмаслик учун биз рақобатбардош устунлигимиздан фойдаланишимиз керак. Агар фуқаролар (АЭС қурилишини) ёқлаб овоз берса, бу мустақил Қозоғистон тарихидаги энг кўламдор лойиҳа бўлади», – деди Тўқаев республика депутатларининг II форумидаги нутқида.
Сиёсатчига кўра, АЭС Қозоғистон энергетика суверенитетини мустаҳкамлайди, мамлакатнинг ўн йилликлар мобайнида барқарор тараққиётини таъминлайди, иқтисодиётнинг турли соҳалари, илм-фан ва таълим равнақига туртки беради. Шу билан бирга, малакали мутахассислар ва муҳандислар тоифасининг шаклланишига хизмат қилади.
«Вақт тақозо шундай. Бу лойиҳанинг ижобий жиҳатларига бугунги ёшлар ва келгуси қозоғистонликлар авлоди гувоҳ бўлади», – деди Қозоғистон раҳбари.
Маълумот ўрнида, Қозоғистонда 6 октябрь, якшанба куни атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум ўтказилади. Умумхалқ овоз бериши асосида мамлакатга АЭС керакми ёки йўқми деган масала юзасидан якуний қарор қабул қилинади.
Тўқаевга кўра, овоз бериш натижасидан қатъи назар, референдум мамлакат учун муҳим ҳодисадир, чунки у «халқ овозига қулоқ солувчи давлат» концепциясининг амалий ифодаси саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter