Польшанинг ғарбий ҳудудлари Сталиннинг поляклар учун совғаси бўлган – Путин
Россия президенти Владимир Путин Россия Хавфсизлик кенгаши аъзолари билан учрашувда Польша ҳукуматининг Украина билан бўлаётган можародаги муносабатлари ҳақида тўхталди.
«Польша етакчиларига келсак, эҳтимол улар НАТОнинг сояси остида қандайдир коалиция тузиб, Украинадаги можарога бевосита аралашишни ва ўзларининг тарихий ҳудудлари – бугунги Ғарбий Украинани қайтариб олишни кутишаётгандир», — деди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Варшава Беларус ерларининг ҳам бир қисмини олишни истайди.
Учрашувда Россия раҳбари Москва Беларусга қарши эҳтимолий тажовузга барча воситалар билан жавоб беришга тайёрлигини айтди. Шунингдек, у Ташқи разведка хизматига Польшанинг Украина бўйича режаларини кузатишни топширди.
«СССР туфайли, Сталин туфайли Польша ғарбда муҳим ерларни – Германия ерларини олган эди. Айнан шундай. Бугунги Польшанинг ғарбий ҳудудлари Сталиннинг поляклар учун совғаси. Варшавадаги дўстларимиз буни унутиб қўйишган. Биз эслатиб қўямиз», — деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Путин Қримнинг аннекция қилиниши олдидан ҳам Украинага бостириб киришини оқлаш учун Совет ҳукуматининг ҳудудий «совғалари» ҳақидаги айбловлардан фойдаланган.
Путин, шунингдек, қўшни Қозоғистоннинг шимолий қисмларига нисбатан ҳам собиқ иттифоқ ерлари экани ва бу ерлар қозоғистонликларга тегишли бўлмагани ҳақидаги иддаоларни қилиб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter