Мексиканинг сиз билмаган ажойиботлари! (Фото)
Қадимги Майя харобалари ва ажойиб замонавий архитектурасидан тортиб, ранг-баранг ошхоналар ва ёрқин пушти лагонларни ўзида жамлаган Мексика кўплаб саргузаштсеварлар орзусидаги мамлакатлардан биридир.
Мамлакат пойтахти Мехико шаҳри Бажа Калифорния ярим оролидан ғарбий Юкатаннинг шарқий чеккасигача бўлган ҳудудни қамраб олган. Шунингдек, Канкун ва Кабо Сан-Лукас сингари мафтункор масканларни ҳам ўз ичига олади.
Қуйида мамлакатнинг фотосуратчилар объективига миллионлаб марта муҳрланиб келадиган ўзига хос жойлари ҳақида маълумот берамиз.
Теотихуакан
Мехико шимоли-шарқида жойлашган Теотихуакан мажмуаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий меросига киритилган. Ушбу улкан археологик иншоот бир нечта пирамидаларни, шу жумладан, дунёдаги учинчи энг катта пирамида – Қуёш пирамидасини, ибодатхоналар ва бошқа қадимий харобаларни ўз ичига олади.
Чукум-Ҳа Кеноте
Юкатан ярим оролидаги Чукум-Ҳа саноқсиз кенотлар (ер ости синхоллари)дан иборат. Унинг яна бир ўзига хос хусусиятлари сирасига атрофида чукум номли дарахтларнинг мавжудлигини киритиш мумкин. Ушбу дарахтлар ташриф буюрувчиларга ҳудуддаги 65 фут чуқурликни ташкил этувчи табиий бассейнга тушишдан олдин бироз терлаб олиш имконини берган.
Лас Колорадас
Юкатан ярим оролининг шимолий қирғоқлари бўйлаб жойлашган Лас Колорадасда микроорганизмлар сувга ўзининг ёрқин пушти рангини бериб ажойиб манзарани хосил қилган. Ҳудудда кўплаб туз уюмлари билан бир қаторда фламинголар ҳам қўним топган.
Тулум
Қуинтана Ру шаҳридаги Тулум харобалари сув остида қолган ягона майя қолдиғи ҳисобланади. Юқорида сиз кўриб турган фотосурат нафақат қадимий харобани, балки унинг остидаги қимматбаҳо туркуаз сувни ҳам ўзида намоён этган.
Кабо Сан Лукас аркаси
Маҳаллий аҳоли томонидан Эл Арко деб номланган ушбу оҳактош арка, саёҳатчилар учун мамлакатдаги энг диққатга сазовор жойларидан бири. Ҳудудга ташриф буюрувчилар кўпинча арка гўзаллигини қайиқ орқали томоша қилишни ёқтиришади.
Яна бир эътиборли жиҳати Эл Арко атрофида «хушчақчақ» денгиз шерларини ҳам учратиш мумкин.
Хачимилко кўрфази
Мехико жанубида жойлашган Хачимилко кўрфазини баъзилар «Мексика Венецияси» деб аташади. Кўрфаз Ацтеклар томонидан бунёд этилган ва ўша давр сув транспорт тизимининг сўнгги қолдиқлари сифатида ҳозир ҳам хизмат қилади.
Бугунги кунда мазкур кўрфазда гондолага ўхшаш рангли қайиқлар бор. Шу билан бирга, ҳудуд севишганлар учрашадиган ўзига хос маскан вазифасини ҳам ўтаб келади.
Хиерва эл Агуа
Хиерва эл Агуа испанчадан таржима қилинганида «қайнаб турган сув» маъносини англатади. Кўрфаз ўзининг табиий тош жинслари ва ҳаворанг сувлари билан саёҳатчилар диққат марказида бўлиб келган.
Ҳудудга келганлар кўл гўзаллигини асосан дронлар ёрдамида олинган суратларга муҳрлашади. Кўрфазга Оахака шаҳридан кунлик саёҳат хизмати орқали бориш мумкин.
Регина кўчаси
Мехико шаҳрининг марказий қисмларидан ҳисобланган Регина кўчаси кенг кўламли ва мукаммал кўча санъати билан анчайин машҳур. Қисқаси, томоша учун ажойиб жой.
Қолаверса, кўчадаги санъат намуналари доимий равишда ўзгариб бормоқда. Агар сиз илгари иккинчи ёки учинчи марта ташриф буюрган бўлсангиз ҳам, яна бир бор кўча бўйлаб саёҳат қилишга арзийди.
Чичен Итца
Майя халқининг қадимий археологик жойларидан ҳисобланувчи Чичен Итца дунёнинг янги етти мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилишига муносибдир.
Ҳудуд ҳаддан ортиқ иссиқ бўлгани туфайли саёҳатчилар ёдгорлик мажмуасига эрталаб ёки кечки пайт ташриф буюришади.
Кеноте Ик Кил
Чичен Итцадан унча узоқ бўлмаган масофада Кеноти Ик Кил ҳавзаси жойлашган. Ҳавза ўзининг гўзаллиги ва ўзига хос жойлашув ўрни билан ҳам ажралиб туради. Иссиқ кунда узоқ йўл юришдан кейин саёҳатчиларга ҳавза ҳудуди оромбахш тўхташ жойидир.
Эътиборлиси, Кеноти Ик Кил ҳавзаси 2010, 2011 ва 2014 йилларда энг кўп ташриф амалга оширилган масканлардан бири сифатида эътироф этилган.
Кампезе
Мексика кўрфазидаги Кампезе порт шаҳри Мексиканинг энг кўп ташриф буюриладиган жойлар рўйхатига киритилмаган бўлса-да, бироқ бу кичик шаҳар мафтункор қиёфаси билан эътироф қилинади. Унинг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўрин олган. Кампезеда ўзига хос ранглар билан бўялган объектлар ва уйлар эртаклардагидек ажойиботликни ҳосил қилиб келади.
Тасвирий санъат саройи
Ҳар куни минглаб сайёҳларни қарши олувчи Мехико шаҳридаги Тасвирий санъат саройини суратга тушириш учун сиз мажмуа очилишидан олдинроқ боришингиз керак. Боиси, саройда намойиш қилинадиган театр, опера, рақс, мусиқа ва бошқа маданий дастурлари кун бўйи мажмуада «ушланиб қолинишингизга» сабаб бўлиши мумкин.
Давоми бор.
Нурилло Тўхтасинов таржимаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter