Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Латвиянинг янги президенти инаугурацияда икки марта қасамёд қилди

Латвиянинг янги президенти инаугурацияда икки марта қасамёд қилди

Фото: «AP»

Европа иттифоқининг собиқ судьяси Эгилс Левитс бугун, душанба куни Сеймда тантанали қасамёд қилиб, расман Латвия президенти бўлди. Бу ҳақда «Sputnik Латвия» хабар берди.

Сеймдаги депутатларнинг аксарият овози билан Левитс президент этиб сайланганди. У иккинчи муддатга номзодини кўрсатмаган Раймонд Вейониснинг ўрнини эгаллади.

Латвия республикаси сайлов тизими ноодатийроқ: президентни халқ эмас, парламент сайлайди.

«Менинг барча ишларим Латвия халқи манфаатларига бағишланишига қасамёд қиламан. Латвия ва унинг аҳолиси фаровонлиги учун кучим етганича барча ишни қиламан. Латвия конституцияси ва давлат қонунларини муқаддас биламан. Ҳаммага адолатли бўламан ва ўз вазифаларимни виждонан бажараман», — Левитснинг қасамёди шу мазмунда бўлиши керак эди.

Портал хабарига кўра, Левитс қасамёдини қайта такрорлашига тўғри келган, негаки, у биринчисида охирги гапдаги «sirdsapzina» («виждон») сўзини «apzina» («ҳуш») сўзига адаштириб юборган.

Маълумот учун: Эгилс Левитс 1982 йили Гамбург университети юридик факультетини, 1985 йили эса шу университетнинг ижтимоий фанлар ва фалсафа факультетини битирган. Латвиянинг Германия, Швейцария, Австрия ва Венгриядаги элчиси, Сейм депутати, адлия вазири, Европа инсон ҳуқуқлари бўйича судининг Латвиядан аъзоси бўлган.

2015 йили ҳам номзодини мамлакат президентлигига илгари сурганди.

Эгилс Левитс — Латвия конституциясининг кириш қисмини ёзган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг