Коронавирусдан 170 минг америкалик вафот этди. Бу борада бош айбдор топилди
АҚШнинг собиқ раҳбари Барак Обама амалдаги президент Дональд Трампга нисбатан жиддий айбловларни илгари сурди. Анъанага кўра, собиқ президентлар ворисларини очиқдан-очиқ танқид қилмайди. Аммо Обама ушбу анъанани четлаб ўтди.
АҚШ демократик партиясининг онлайн съездида нутқ ирод қилган Обама Трамп бошқаруви даврини масхарабозлик, ёлғон, тубанлик каби сўзлар билан сифатлади.
«У ўз вазифасини сидқидилдан бажариш учун жон койитмади. Жамиятнинг бошини қовуштиришга ҳаракат ҳам қилмади», — деди Барак Обама.
Қайд этилишича, Трамп бошқаруви даврида Қўшма Штатлар халқаро майдонда нуфузини бой берди, демократик институтлар ҳам таҳдид остида қолди.
АҚШ коронавирус пандемияси даврида энг кўп қурбон берган мамлакат бўлиб турибди: 170 минг киши ушбу хасталикдан вафот этди. Барак Обама бу борада ҳам ворисини айблади. Собиқ президентга кўра, Трампнинг уқувсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб касаллик бу қадар авж олиб кетди.
Иддао қилинишича, Трамп давлат раҳбари лавозимидан ўзи ва бойвачча дўстлари манфаати йўлида фойдаланди.
Барак Обама фикрича, Оқ уйнинг амалдаги соҳиби президентликни шоу-томошага айлантириб юборди.
Қўшма Штатларга 2009—2017 йилларда раҳбарлик қилган Обама амалдаги маъмуриятни кўпдан бери танқид қилиб келади. 2016 йилги сайловолди кампанияси давридаёқ ўрнига Трампнинг сайланишини ўзига нисбатан ҳақорат деб қабул қилишини айтган.
Ўз навбатида, Дональд Трамп ҳам салафини кескин айбловлар билан «сийлаб» туради. Обаманинг сўнгги танқиди ҳам жавобсиз қолмади. Матбуот анжуманида ушбу масалага муносабат билдирган Трамп Обамани уқувсизлик, ишнинг кўзини билмасликда айблади. Трампга кўра, Обама ўзидан «даҳшатли» мерос қолдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter