Ким Чен Ин тактик ядро бўлинмаларининг ҳарбий тайёргарлигини кўздан кечирди
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин тактик ядро қуроли бўлинмаларини тайёрлаш бўйича машғулотларни кўздан кечирди, деб хабар бермоқда Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА).
Агентликка кўра, у 25 сентябрдан 9 октябргача бўлиб ўтган машғулотларда иштирок этган.
«Бу ҳарбий мудофаанинг оператив тайёргарлиги синови ва шу билан бирга, давлат ядровий мудофаа тизимининг ишончлилиги ва тайёрлигини исботлайди», – дея Ким Чен Ин сўзларини келтиради КМТА.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги машғулотлар Шимолнинг ядровий жавобга тайёрлиги борасида «аниқ огоҳлантириш ва намойиш этиш»га хизмат қилган.
Қайд этилишича, Ким Чен Ин АҚШ ва Жанубий Корея билан музокаралар олиб боришдан манфаатдор эмаслигини ҳам очиқ айтган.
«Бизда душманлар билан мулоқот қилиш учун асос йўқ ва биз бунга эҳтиёж сезмаймиз», – деган Шимолий Корея раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда Корея ярим оролидаги кескинлик кучайган. Пхеньян сентябр ойи охиридан бери Жанубий Корея ва АҚШнинг ҳарбий машғулотларига жавобан мунтазам равишда баллистик ракета учирмоқда.
Шунингдек, Шимолий Кореянинг яқин келажакда ядровий синов ўтказиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам кучаймоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter