Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жо Байден бир оғиз ножўя гапи сабаб АҚШ президентлигидан қуруқ қолиши мумкин (фото)

Жо Байден бир оғиз ножўя гапи сабаб АҚШ президентлигидан қуруқ қолиши мумкин (фото)

Анъанага кўра «Xabar.uz» муштарийлари эътиборига ҳафта давомида рўй берган энг муҳим 7 ҳодиса ҳавола этилмоқда.

1. АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден радиожурналист Ленард Маккелви билан суҳбат пайти қовун туширди. «The Breakfast Club» деб номланган машҳур дастурда чиқиш қилган сиёсатчи яқинлашиб келаётган президентлик сайлови ҳақида гапиратуриб, «овоз беришда менинг эмас, Трампнинг томонида бўлсангиз, демак, сиз чинакам қора танли эмасмиз» деган мазмунда фикр билдирган. Ирқчилик ҳиди келиб турган ушбу луқма кўп сонли аҳоли орасида кескин норозилик уйғотди. Арбоб ўйламай гапирган гапи учун расман узр сўраган бўлса-да, танқидлар ҳали-ҳамон тинмаяпти. Таҳлилчиларга кўра, демократик партия вакили Жо Байден бир оғиз ножўя гап туфайли кўп миллионли қора танли сайловчилар овозидан қуруқ қолиши, пировардида эса, амалдаги президент Дональд Трампга мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас. Фото: «AP»

2. Пандемия даврида йўғон чўзилиб, ингичка узилмоқда. Карантин кунларида турмуш тақчиллашган перуликлар ҳукуматдан озиқ-овқат ёрдами талаб қилиб намойишга чиқди. Диққатга сазовор жиҳати, аҳоли норозилик акциясида ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, тиббий ниқоб тақишни унутмаган. Фото: «AP»

3. Покистоннинг Карачи шаҳридан Лаҳор томон парвоз қилган самолёт ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 98 киши, жумладан, 7 нафар экипаж аъзоси бўлган. Учоқдаги йўловчилардан икки нафари мўъжиза туфайли тирик қолган. Самолёт тураржойлар устига қулаган. Вайрон бўлган уйлар остидан 20 га яқин киши қутқарилган. Ҳалок бўлган йўловчиларнинг аксари Рамазон ҳайити муносабати билан яқинларини йўқлагани кетаётганлар эди. Фото: «AP»

4. Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 155 минг нафардан ошиб кетди. Мамлакат бўйлаб хиёбон ва дам олиш масканларида одамлар ўзаро масофа сақлаши учун махсус санитария ҳалқалари чизилмоқда. Фото: «AA»

5. Бенгал кўрфазида рўй берган «Амфан» тўфони Ҳиндистон ва Бангладешда яшовчи миллионлаб аҳоли бошпанасини ер билан яксон қилди. Бир неча миллион киши ошиғич равишда хавфсиз жойга кўчирилди. Кучли шамол дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий офатда 90 га яқин киши ҳалок бўлди. Фото: «Reuters»

6. Авиасаноат – коронавирус пандемиясидан энг кўп молиявий зарар кўраётган соҳалардан бири. АҚШнинг Аризона штати аэропортида юзлаб учоқлар тушовланган тулпордек дориломон кунлар келишини кутмоқда. Фото: «Getty Images»

7. Коронавирус пандемияси таълим муассасаларида диссертация ҳимояси ва битирув маросимларини ҳам янги форматдаги ўтказишни талаб этмоқда. Филиппин олий ўқув юртида ташкил этилган виртуал битирув маросимидан лавҳа. Фото: «АP»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг