Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислоҳотчи, профессор, сўққабош ота. Эроннинг янги президенти таржимаи ҳолига назар

Ислоҳотчи, профессор, сўққабош ота. Эроннинг янги президенти таржимаи ҳолига назар

5 июль кун Эронда бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи турида асли кардиожарроҳ бўлмиш Масъуд Пезешкиён 16,4 миллион овоз тўплаб ғалаба қозонди. Унинг рақиби – муҳофазакор сиёсатчи Саид Жалилий эса 13,5 миллион овозга қаноат қилди.

Эрон давлат ахборот агентлиги (IRNA) Пезешкиённинг ғалабасини тасдиқлади. Демак, бир неча ойдан кейин етмиш ёшни қаршилайдиган Масъуд Пезешкиён – Эроннинг тўққизинчи президенти!

Масъуд Пезешкиён 1954 йил 29 сентябрда Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилояти Маҳобод шаҳрида этник озарбайжонлар оиласида дунёга келган. 1973 йили Урмия қишлоқ хўжалиги академиясини озиқ-овқат саноати йўналишида тугатган. 1975 йили табиий фанлар йўналишида яна бир диплом олган. Эрон тиббиёт фанлар университетини жарроҳлик йўналишида тамомлаган. Жарроҳлик йўналишида фан доктори, профессор каби илмий даража ҳамда унвонга эга.

Узоқ йиллар тиббиёт йўналишида олий ўқув муассасаларида дарс берган. 1993-1999 йилларда Табриз тиббиёт фанлари университети ректори, 2000-2005 йилларда Эрон соғлиқни сақлаш вазири лавозимларида фаолият юритган. 2006 йилдан парламент депутати сифатида Табриз, Оску ва Азаршаҳр сайлов округини тамсил этган. 2016-2020 йилларда парламент раисининг биринчи ўринбосари.

2013 ва 2021 йиллардаги президентлик сайловида номзод сифатида рўйхатдан ўтган. Биринчи гал ўз номзодини қайтариб олган бўлса, кейингисида масъул идоралар томонидан сайловга қўйилмаган.

BBC нашрига кўра, Масъуд Пезешкиён сайловолди кампанияси даврида Эроннинг ташқи дунёдан иҳоталаниш даврига чек қўйишга ваъда берган. Бундан ташқари, у Ғарб билан 2015 йилги ядро келишувини қайта тиклаш бўйича конструктив музокаралар ўтказишга чақирган.

DW таъкидича, янги президент Эронни янада очиқ давлатга айлантирмоқчи ва фуқаролар эркинлигини кенгайтирмоқчи. 

«Масъуд Пезешкиён ўзини шартли ислоҳотчи сифатида намоён этади. Бутун сиёсий карьераси давомида турли сиёсий гуруҳларни бирликка чақириб келган... Масъуд Пезешкиён Эрон ташқи сиёсати кўп векторли бўлиши, санкциялар бекор бўлиши керак деб ҳисоблайди. У Эрон тақдири ва истиқболи мамлакатнинг изоляциядан чиқишига боғлиқ эканига ишонади. Ғарб билан алоқаларни йўлга қўйиш ва АҚШ билан зиддиятларни камайтириш тарафдори», – деб ёзади Россия ахборот агентлиги.

Айни чоқда, айрим экспертлар Эронда президент иккинчи лавозим экани, муҳим масалаларда сўнгги сўзни Олий диний раҳбар айтиши, бинобарин, янги президент даврида ҳам катта сиёсатда у қадар жиддий ўзгариш бўлмаслигини тахмин қилмоқда.

«Ислоҳотчи Масъуд Пезешкиён Эроннинг иттифоқчилари сафи кенгайиши, она тилида таълим олиш борасида миллий озчиликлар, хусусан, озарбайжон туркларига кўпроқ эркинлик бериш керак деб ҳисоблайди. Суннийларнинг дискриминациясини номақбул деб билади», – деб ёзади TRT.

«Пезешкиён консерватив маъмуриятдан узоқ номзод ҳисобланади. У Ғарб билан муносабатни яхшилаш, уруш риторикасидан қочиш, мамлакат ичида либераллашувни давом эттириш тарафдори. Баъзилар унда Рафсанжонийнинг давомчисини кўрмоқда», – дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Элдор Асанов.

«Эроннинг сайланган президенти, мўътадил Масъуд Пезешкиён ижтимоий эркинликларга нисбатан камроқ чекловлар ва янада прагматик ташқи сиёсатга интилаётган миллионлаб эронликларнинг умидини оқлаши мумкин», – деб ёзди Телеграмдаги «Шарқшунос таҳлилчилар» канали.

Ушбу каналга кўра, Эроннинг янги президенти форс тили билан бирга озарбайжон ва курд тилларини яхши билади. Қуръон ўқитувчиси ва шиа мусулмонлари учун асосий матн бўлган «Наҳж ал-балағаҳ» (Нотиқлик йўли) қориси ҳамдир.

Пезешкиённинг шахсий ҳаётига доир яна бир маълумот. 1993 йили рўй берган автоаварияда унинг рафиқаси ва бир фарзанди ҳалок бўлади. Шундан кейин у сўққабош ҳаёт кечиришни афзал кўрган ва ёлғиз ҳолда икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб камолга етказган.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг