Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фаластин учун тарихий кун

Фаластин учун тарихий кун

Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёз Мансур.

Фото: Reuters

БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессияси очилиши Фаластин учун муҳим кун сифатида тарихга муҳрланди: Фаластиннинг халқаро ташкилотдаги мақоми бир поғона кўтарилди, деб хабар берди TRT.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёз Мансур илк бор Шри-Ланка ва Судан вакиллари ўртасида, олдинги қаторда ўтирди. Ҳозирга қадар у асосий қаторларда эмас, залнинг орқа қисмида ўтирган.

Дипломат бу ҳодисани БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиш йўлида муҳим қадам эканини таъкидлаган.

Фаластиннинг БМТдаги мақоми кўтарилиши Бош ассамблеянинг жорий йил 10 майдаги резолюцияси ортидан рўй берди.

Фаластин айни пайтда БМТда доимий кузатувчи давлат мақомига эга. Бу мақом эгаси ташкилотнинг барча мажлисларида қатнашса-да, асосий тузилмаларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрумдир.

Жорий йил апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг халқаро ташкилотга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳаси юзасидан овоз бериш ўтказилганди. Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси ҳужжатни ёқлаб овоз берган бўлса, Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолган. Биргина АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда резолюция лойиҳасини йўққа чиқарган.

Ҳозирга қадар БМТга аъзо 193 давлатдан 145 таси Фаластинни давлат сифатида тан олган.

Таҳлилчиларга кўра, мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган Исроил маъмурияти БМТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги уринишларни ҳам АҚШ кўмагида йўққа чиқариб келмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг